Бухоронинг қадимий эски шаҳар қисмида, шундоққина Масжиди Калоннинг ёнида ва орқа қисмида «Шаҳристон» бозори бузиб ташланиб, унинг ўрнига шарқона архитектурага эга янгиси қурилиши лойиҳалаштирилаётганини биласизми?

Янги бозорнинг лойиҳаларидан бири Бухоро шаҳридаги «Арк» архитектура лойиҳалаштириш фирмаси, архитектор Зоиршо Қиличев томонидан тақдим этилган.

Зоиршо Қиличев Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтини тамомлаган. Турли йилларда Бухородаги илмий-реставрация устахоналари, архитектура ёдгорликларини реставрация ва консервация қилиш илмий-тадқиқот институти, Бухоро музей-қўриқхонасининг бош архитектори бўлиб ишлаган.

1997 йилдан 2003 йилгача Бухоро шаҳрининг бош архитектори бўлган. 2003 йилдан «ARC» хусусий архитектура фирмасининг архитектори бўлиб ишлаб келмоқда.

Зоиршо Халлакович Қиличев французларнинг икки архитектура ассоциацияси — «Каравансарай» ва «Таселатус» аъзоси ҳисобланади ва улар билан йигирма йилдан буён Бухородаги архитектура ёдгорликлари реабилитацияси, хусусан, француз архитекторлари билан шерикликда эски шаҳар ҳудудидаги карвонсаройлар галереяси реставрацияси базасида Буюк ипак йўлига бағишланган бадиий ижодиёт маркази яратилмоқда. У француз тилида эркин гаплаша олади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил март ойи бошида Бухоро шаҳрига ташрифи давомида ушбу бозор лойиҳаси билан танишган, уни маъқуллаган, мутасаддиларга топшириқ берилиб, қарийб 400 миллион сўмлик лойиҳа ишларини якунига етказиш учун 15 фоиз миқдорда пул ҳам кўчириб берилган.

«Эски (қадимий) Бухорони, унинг бозорларини, тангкўчаларини тиклашимиз керак. Лекин у шундай шинам бўлиши керак-ки, одамлар қадимий тарихимизнинг ҳидини сезишлари лозим. Одамлар ўзи турист бўлиб, қанча жойгача пиёда юрилади, қандай нафас олинади, қаерда ўтирилади, қаерда ётади — шуларни кўриши керак. Бу жой кечаси билан ишлайдиган майдон бўлиши керак. Биз тарихимизни тиклашимиз, сақлашимиз, ёшларимизга етказишимиз керак», — деган эди Президентимиз лойиҳани маъқуллаб, кўздан кечирар экан.

Зоиршо Қиличев «Шаҳристон» бозорининг янги тайёрланган лойиҳаси ҳақида шундай ҳикоя қилади:

— Ушбу лойиҳа топшириғи 2016 йил август ойида менга келиб тушган. Президентимиз Шавкат Мирзиёевга ҳам ўтган йили 10 март куни шу таклифни намойиш этдик. Президентимиз лойиҳа билан танишиб, уни тасдиқлади. Баённомаларга ҳам киритилди.