Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрида режалаштирилган йирик халқаро тадбирларга тайёргарлик масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Давлат раҳбари бўлажак тадбирлар Бухоронинг бой тарихий мероси ва бугунги салоҳиятини намоён этиш билан бирга, вилоятни ривожлантиришга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади. Бунинг учун тайёргарликни тадбирлар ўтадиган жойлар билан чекламай, транспорт, хизмат кўрсатиш, хавфсизлик ва шаҳар инфратузилмасини яхлит ҳолда ривожлантириш зарур.

Йиғилишда олий даражадаги учрашувлар ва йирик халқаро тадбирларни юқори савияда ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Ҳар бир вазирлик ва идорага хорижий ҳамкорлар билан ўз йўналиши бўйича мазмунли мулоқотга тайёргарлик кўриш, мамлакатдаги ислоҳотларнинг амалий натижаларини кўрсатиш ва янги қўшма ташаббуслар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Жамоат хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бухорода замонавий вазият марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, жамоат жойлари ва сайёҳлик объектларидаги ҳолатни рақамли технологиялар ёрдамида кузатиш, йўл ҳаракатини бошқариш ҳамда кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича режалар муҳокама қилинди. Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда профилактика инспекторлари ва «маҳалла еттилиги» ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Президент Бухорога келган меҳмон аввало аэропорт, вокзал ва йўллар ҳолатига эътибор қаратишини таъкидлади. Шу боис қиймати 300 миллион доллар бўлган янги халқаро аэропорт қурилиши, уни шаҳар билан боғловчи 23,5 километрлик йўлни барпо этиш ва йўл бўйларини кўкаламзорлаштириш ишлари кўриб чиқилди. Темир йўл вокзаллари атрофини ободонлаштириш, автотураргоҳлар, ёритиш, сервис ва жамоат транспорти қатновини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди. Шаҳар ва туманларни вокзаллар билан боғлаш учун қўшимча 120 та автобус жалб этиш белгиланди.

Бухоронинг иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахт ва буталар экиш билан бирга, уларнинг парвариши учун суғориш ҳамда дренаж тизимларини ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Халқаро тадбирлардан инвестиция ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Саноат кооперацияси, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, транспорт-логистика ва экспорт соҳаларида хорижий шериклар билан амалий келишувларга эришиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, вилоятда қайта тикланувчи энергетика лойиҳалари, электр энергиясини узатиш ва сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш ишлари муҳокама қилинди.