Янги мажмуа Бухоронинг йирик халқаро тадбирларга мезбонлик қилиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Конгресс-холлда форумлар, олий даражадаги учрашувлар ва бошқа йирик анжуманларни ўтказиш режалаштирилган.

Конгресс-холл лойиҳасининг қиймати 60 миллион долларни ташкил этади. Унинг доирасида майдони 14,5 минг квадрат метр бўлган бино барпо этилмоқда. Ҳозирга қадар асосий бетонлаштириш ишлари якунланган. Айни пайтда ташқи муҳандислик тармоқларини тортиш, фасад ва том қисмларини қуриш давом этмоқда.

Шу ҳудудда қиймати 37 миллион доллар бўлган Hilton Garden Inn меҳмонхонаси ҳам қурилмоқда. Етти қаватли меҳмонхона 212 та хонадан иборат бўлади. Лойиҳада ерости автотураргоҳи ҳам кўзда тутилган.

Меҳмонхонанинг асосий конструкциялари қуриб битказилган. Ҳозир ички деворлар, муҳандислик тармоқлари ва фасад ишлари олиб борилмоқда.

Яна бир лойиҳа — қиймати 39,6 миллион доллар бўлган Holiday Inn меҳмонхонаси. Бу бино ҳам етти қаватли ва 212 хонали бўлади. Унинг ёнида икки қаватли бизнес маркази ҳам барпо этилмоқда.

Айни пайтда Holiday Inn меҳмонхонасида томни монтаж қилиш ва ички деворларни қуриш ишлари бажарилмоқда. Бизнес маркази ертўласида эса бетонлаштириш ишлари якуний босқичга етган.

Мазкур лойиҳалар хорижлик сайёҳлар оқими ва халқаро тадбирлар учун замонавий инфратузилмага талаб ортиб бораётган шароитда амалга оширилмоқда. 2025 йилда Ўзбекистонга келган хорижлик сайёҳлар сони 2016 йилга нисбатан қарийб олти баробар, туризм хизматлари экспорти эса ўн бир карра ошган.












