Ўзбекистон | 02:00 / 14.04.2018
14602
2 дақиқада ўқилади

Уй-жойга муҳтож хотин-қизларга ажратиладиган арзон уй-жойларнинг ҳар йилги ҳажми белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, уй-жойга муҳтож хотин-қизларга арзон уй-жойлар имтиёзли ипотека кредитлари асосида белгиланган тартибда туман (шаҳар)лар тоифасидан келиб чиқиб, ҳар йили қуйидаги ҳажмда ажратилади:

I тоифага кирадиган туманларда — биттадан икки, уч қаватли уйлардаги хонадонлардан (2-3 хонали) ва бештагача ҳовлидаги иморатлари билан, 0,02 гектарли ер участкаларида 2-3 хонали бир қаватли уй-жойлардан;

II тоифага кирадиган туманларда — иккитадан икки, уч қаватли уйлардаги хонадонлардан (2-3 хонали) ва саккизтагача ҳовлидаги иморатлари билан, 0,02 гектарли ер участкаларида 2-3 хонали бир қаватли уй-жойлардан;

I тоифага кирадиган шаҳарларда ҳамда Тошкент шаҳрининг туманларида — олтитагача кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан (2-3 хонали);

II тоифага кирадиган шаҳарларда — ўнтагача кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан (2-3 хонали);

Ногиронлиги бўлган хотин-қизларга кўп қаватли арзон уйларнинг биринчи ва иккинчи қаватларидан хонадонлар ажратилади.

Уй-жойга муҳтож хотин-қизлар учун бериладиган арзон уй-жойлар қиймати тўловининг:

  • 25 фоизи Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, талабгор ишлаётган ташкилот ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига (бошланғич бадал сифатида);
  • 75 фоизи ипотека асосида тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари ҳисобига молиялаштирилади.
Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид