19 сентябр куни кечқурун ижтимоий тармоқларда Тошкент осмонида ортидан узун из қолдирган ёрқин жисм акс этган видео тарқалди. Ўзбекистон Фанлар академияси матбуот хизмати ушбу ҳодиса юзасидан изоҳ берди.
ФА Астрономия институти экспертлари фото ва видеоматериалларни дастлабки таҳлил қилиб, жисмнинг ташқи кўриниши, ҳаракатланиш хусусиятлари ҳамда қолдирган изи метеор ёки болид аломатларига эга эмаслигини маълум қилди. Ушбу жисм ракета қисмига кўпроқ ўхшайди.
Институт катта илмий ходими Камолиддин Эргашевнинг сўзларига кўра, энг эҳтимолий тахмин – бу Хитойнинг «Тайюан» космодромидан учирилган Long March-2D (Chang Zheng-2D) ташувчи ракетасининг ишлаб бўлинган биринчи босқичидир. Мазкур ракета PIESAT-2 сериясидаги тўртта сунъий йўлдошни орбитага муваффақиятли олиб чиққан эди.
«Дастлабки орбитал ҳисоб-китоблар учириш вақти, ракетанинг орбитаси ҳамда Тошкент осмонида ҳодиса кузатилган вақт ва йўналиш ўртасида жуда яхши мослик мавжудлигини кўрсатмоқда. Шу сабабли ҳозирги босқичда энг эҳтимолли тушунтириш – Тошкент осмонида кузатилган ҳодиса ушбу космик учиришнинг ракета босқичи ёки ундан кейинги орбитал жараёнлардан бири билан боғлиқ бўлиши мумкин», – деди у.
Шу билан бирга, ушбу жисмни айнан мазкур ракетанинг қисми деб қатъий хулоса қилишга ҳали эрта, дея қўшимча қилди олим. Ҳодисани мустақил равишда тўлиқ идентификация қилиш учун янги учирилган объектларга оид зарур элементлар ва маълумотлар халқаро орбитал каталогларда ҳозирча мавжуд эмас.

















