Жаҳон | 09:40 / 15.04.2018
17677
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва иттифоқчилар Хавфсизлик Кенгашига Сурия бўйича резолюция лойиҳасини киритишди

© РИА Новости / Flickr

АҚШ, Буюк Британия ва Франция БМТ Хавфсизлик кенгашига Сурия Араб республикасида кимёвий қурол қўллангани бўйича текширувлар ўтказишни назарда тутувчи янги резолюция лойиҳасини киритишди. Бу ҳақда Liberation хабар тарқатган.

Қайд этилишича, бу лойиҳада «гуманитар ёрдамларни тўсиқларсиз етказиб беришни таъминлаш, шунингдек, расмий Дамашқдан Бирлашган миллатлар ташкилоти раҳбарлигидаги тинч музокараларда иштирок этиш» талаблари ифодаланган.

Бундан ташқари, лойиҳа Сурияда кимёвий ҳужум рўй бергани ҳақидаги маълумотларни «мустақил равишда текшириш»ни таклиф этади.

Шунингдек, ушбу ҳужжат 2401 рақамли резолюцияга амал қилган ҳолда Араб республикасида ўт очишни тўхтатишга чақиради.

Бундан аввалроқ Россия БМТ Хавфсизлик кенгашига АҚШ ва унинг иттифоқдошларининг Сурияга берган зарбасини қораловчи ва бу зарбаларни тўхтатишни талаб қилувчи резолюция лойиҳасини киритган, аммо бу резолюция рад этилганди. Резолюция лойиҳасини учта мамлакат қўллаб-қувватлади: Россия, Боливия ва Хитой. 8та мамлакат, шу жумладан Сурияга зарба берган АҚШ, Буюк Британия ва Франция унга қарши овоз беришди. Тўртта мамлакат, шу жумладан Қозоғистон бетараф қолишди.

14 апрелга ўтар кечаси АҚШ, Буюк Британия ва Франция Суриядаги бир неча нишонга авиазарбалар берди; таъкидлашларича, зарбалар Сурияда кимёвий қурол ишлаб чиқариш дастури учун жалб этилган объектларга қарши қаратилган эди. Ушбу жанговар операция Суриянинг Дума шаҳрида ҳукумат кучлари томонидан кимёвий қурол воситасида ҳужум амалга оширилгани, бунинг оқибатида 70 киши ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларга жавоб бўлди.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари халқаро коалиция ҳарбийлари томонидан отилган 100 дан зиёд қанот ракеталардан 71 тасини тутиб қолишга муваффақ бўлган.

Мавзуга оид