Буни ҳаёт дейдилар. Бу ҳаётда баъзан одам ўзи хоҳламаган ишни ҳам қилишга мажбур бўлади. Айниқса, халқ бошига оғир кунлар тушганда қалбнинг, юракнинг хоҳиши билан ҳеч кимнинг иши бўлмайди. Аслида тинч, осойишта замонда хат ташувчини кўрганда уни хуш кайфият билан кутиб олиш, раҳмат айтиб кузатиш оддий ҳол. Аммо даҳшатли уруш гирдобида фарзандлари, турмуш ўртоғи ёки отасининг соғ-омон қайтишини Худодан ёлвориб сўраб турган одамлар почтачини кўрганда Азроилни кўргандан ҳам ёмонроқ аҳволга тушишгани тайин. Чунки у пайтларда почтачиларнинг асосий иши «қорахат» ташиш бўлган. Кўплаб гўзал асарлар муаллифи, нафақат қирғиз халқининг, балки жаҳон китобхонларининг меҳрига сазовор бўлган ёзувчи Чингиз Айтматов уруш йиллари, ўсмирлик пайтлари почтачи бўлиб хизмат қилган. Инсон қалбининг билимдони, мутафаккир адиб айни шу пайтларда юрагидан нималарни ўтказди экан-а?..
Ёзувчининг болалик хотираларида уруш йиллари Шакер овулида почтачилик қилгани ва солиқ йиғувчи «финагент» бўлиб ишлагани жуда таъсирчан ифодаланган: «Овулдан бирор оилага қорахат келса, оқсоқоллар олдига бориб, уларга тушунтирар эдик,— деб ёзади адиб.— Улар аввал ҳалок бўлган кишининг қариндошларини чақириб, бўлган воқеадан хабардор қилиб, ўзаро маслаҳатлашгач, сўнг мени эргаштириб, марҳумнинг уйига боришарди. Мен оила аъзоларига қорахатни ўқиб берардим... Овулимиздагилар мени яхши танишарди. Улар менга ёмонликни раво кўришмасди, кимгадир қорахатни топширмоқ, ўлимнинг совуқ хабарини етказмоқ зиммамга юкланган вазифа эканини тушунишарди. Аммо, гоҳида ўз ишим билан кўчаларидан ўтиб бораётган бўлсам ҳам аёллар мени кўриб уввос солишарди: «Яқинлашма бизникига, йўқол қоранг ўчгур. Қани, даф бўл-чи!» деб қарғашарди.
«Тарихнинг нотантилиги шундаки, — дейди адиб яна бир ўринда, — инсоният тарихида бўлиб ўтган не-не қирғинбарот урушларнинг миллион-миллион қурбонлари, қатлиомларнинг бегуноҳ жабрдийдалари унут бўлиб кетади. Унут бўлиб кетди ҳам. Ҳар қандай уруш, энг аввало, тинч аҳоли бошига беҳисоб кулфатлар, азоб-уқубатлар олиб келади. Уруш келиб чиқишига мутлақо алоқаси бўлмаган бегуноҳ кишиларнинг, норасидаларнинг ёстиғи қурийди. Афсуски, бу қурбонлар халқ хотирасида умумий бир тарзда қоладилар, холос. Гитлер, Наполеон, Македонский ва шунга ўхшаш катта-ю кичик фотиҳлар эса тарихда қолади. Нима учун шундай? Нима учун биз ўша қурбонларнинг ҳар биттаси ҳақида қайғурмаймиз? Улар ичида Ватан, миллат тақдирини ҳал қилишга қодир буюк истеъдодлар, улуғ саркардалар ҳам бўлиши эҳтимоли тўғрисида ўйлаб кўрмаймиз? Бунинг мутлақо иложи йўқ. Урушнинг энг катта даҳшати ҳам шунда».
Уруш ва унинг инсониятга солган жабри ҳақида кўплаб асарлар ёзилган, фильмлар суратга олинган. Аммо Чингиз Айтматов каби инсон қалбининг билимдони, китобхоннинг ўй-фикри-ю, юрагини ларзага сола оладиган адиблар кам.

















