Ўзбекистон | 16:54 / 18.04.2018
31678
2 дақиқада ўқилади

Дин ишлари қўмитаси раисининг янги ўринбосарлари ҳақида маълумот берилди

Нурийман Абулҳасан / Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 апрелдаги қарорига мувофиқ Музаффар Муратович Камилов Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари этиб, Нурийман Абдураҳим Абулҳасан қўмита раисининг ўринбосари этиб тайинланди.

Адлия вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, Музаффар Камилов илгари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида бошқарма бошлиғи, Тошкент давлат шарқшунослик институти ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетларида проректор лавозимларида фаолият юритган.

Нурийман Абдулҳасан Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил марказига директорлик қилади. У 1994 йилда Тошкент ислом институтини (олий маъҳад), 1997 йилда Миср Ал Азҳар университетини тамомлаган бўлиб, илгари Дин ишлари бўйича қўмита, Президент девонининг Миллатлараро ва дин масалалари бўйича хизматида ва Ички ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритган. 

Маълумотларга кўра, у ислом дини соҳасида минтақадаги етук мутахассислардан бири ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, бугун бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита йиғилишида 2003 йилдан буён қўмита раиси вазифасида фаолият юритиб келган Ортиқбек Юсупов лавозимидан озод этилди ва унинг ўрнига Жасур Акромов қўмитанинг янги раиси этиб тайинланди.

Маълумот учун, Ҳукумат томонидан 2004 йил 23 апрелдаги 196-сон қарор билан тасдиқланган  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тўғрисидаги низомга мувофиқ, Қўмита ҳар бир шахснинг виждон ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, фуқароларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар тенглигини таъминлаш, шунингдек диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш ваколати берилган давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Мавзуга оид