Сўнгги вақтларда таҳририятимизга туман ва шаҳарларда бозордаги буза-бузлардан азият чекаётган тадбиркор ва савдогарлар кўплаб мурожаат қилишмоқда. Таҳририят ходимлари бозорда мулклари бузилган тадбиркорлар билан учрашиш мақсадида, Қарши, Денов, Риштон, Музработ, Гулистон, Янгиер ва бошқа шаҳарларга бориб, масалани жойида ўрганиб, мутасаддилар билан учрашиб қайтишган.

Бухоро шаҳридаги «Дилкушо» ёпиқ бозори бузилиши ҳам мана шундай муаммолар сирасидан. Фарқи — унинг кўлами каттароқ. Бозор бузилганига 1 йилча бўляпти — ўтган йилнинг апрелида бу ерда савдо қилган юзлаб тадбиркорларга 1 кун ичида огоҳлантириш берилиб, бозор бузиб ташланган. Дўконларидан ажралган тадбиркор ва савдогарлар ҳанузгача ўз муаммосига тайинли бир ечим тополмасдан сарсон-саргардон бўлиб юришибди.

Биз Бухоро шаҳрига «Дилкушо» бозорида ишлаб келган тадбиркорлар арзини эшитиш учун келганимизда улардан бири Зумрад Каримова Тошкент шаҳридаги таҳририятимизга ҳам келган экан.

Фуқароларнинг арзи бир-бирини такрорлайди: Уларга тегишли дўконлар огоҳлантиришсиз, зудлик билан, ҳаттоки ичидаги мол-мулкини олишга улгурмасларидан бузиб ташланган. Улар ичида ўз мулкини гаровга қўйиб кредит олганлари ҳам талайгина. Шаҳар ҳокимлиги бозор эвазига таклиф қилаётган жойнинг нархи қимматлик қилмоқда. Ижара нархи эса баланд.

«Дилкушо» бозори ўрнида замонавий савдо мажмуаси барпо этилиши важи билан бозор ҳудудига кирмайдиган, хусусийлаштирилган маиший хизмат кўрсатиш корхонасининг ҳам биноси бузилган. Корхона раҳбари Зайнаб Бекназарованинг эътирозлари кишини таажжубга солади: бино бузилгач унинг баҳолатилган нархига яраша товон пули тўланиши керак-ку?!

Аслида, ҳокимлик ҳар бир мулк эгасига бузилган мулкига яраша жойни текин бериши керак эмасмиди? «Дилкушо» бозори ўрнида қурилаётган замонавий мажмуа эгаси ҳам жойни текинга олмагандир?! Йўқса, янги қурилаётган мажмуадаги дўконларни осмон қадар нархларда реклама қилиб таклиф қилармиди?

Дарвоқе, бозор ўрнига тушаётган мажмуа эгаси ҳақида. Бухорода тадбиркорлар унинг кимлиги сир сақланаяпти, дейишди. Таҳририятимизга келган тадбиркор Зумрад Каримова эса уни Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноевнинг укаси эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Агар шундай бўлса — ҳаммаси тушунарли… Фақатгина мана шу факт рост бўлиб чиқсагина, йўл қўйилаётган бошбошдоқликлар мантиқий кўриниш олади.