Қарор билан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Миллий Олимпия Қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг «Миллий антидопинг хизмати» негизида «Спорт психологияси бўлими"ни ташкил этиш кўзда тутилган бўлиб, Агентлик таркибида 3та бўлим ва 2та комиссия ташкил этилиши натижасида спортчилар, мураббийлар, спорт тиббиёти ходимлари ва бошқа мутахассисларга соғлом ва ҳаққоний спортни тарғиботи ҳамда тақиқланган дори воситалари ёки услублар назоратини таъминлаш каби допингга қарши курашиш борасидаги қатор муҳим вазифаларни амалга ошириш белгилаб берилган.

Ана шулардан келиб чиққан ҳолда, миллий чемпионатимизда ҳалол футболни тарғиб қилиш, турли қинғирликлар ва ғирромликларга барҳам бериш мақсадида, футболчилар ўртасида ҳам допинг текшируви йўлга қўйилади.

Футбол учрашувлари якунига етганидан кейин ПФЛ расмий вакилининг талабига кўра жамоадаги исталган футболчи (ҳаттоки у майдонга тушмай, фақат захирада ўтирган бўлса ҳам) допинг текшируви учун олиб қолинади.

Бундан ташқари, допинг текширувини амалга оширувчи махсус мутахассислар исталган жамоанинг машғулотига ташриф буюриб, исталган футболчини ёки бутун жамоани допинг текширувидан ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.

Текширувлар натижасида, таъқиқланган моддаларни истеъмол қилган футболчилар аниқланса, уларга нисбатан қатъий жазо чоралари қўлланилади.