Ўзбекистон Республикаси президенти “Тошкент давлат аграр университетида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт вазирлигининг таклифлари асосида: 

Тошкент давлат аграр университети, унинг филиаллари ва таркибидаги академик лицейлари билан биргаликда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимига ўтказилди;

Андижон қишлоқ хўжалиги институти негизида Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиали ташкил этилди.

Қуйидагилар Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиалларида олий маълумотли кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

қишлоқ хўжалигида инновацион ресурстежамкор техника ва технологияларни кўллаш, интенсив агротехнологияларни жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги экинларида ҳосилдорликни ошириш, уларнинг селекцияси ва уруғчилигини ташкил этиш, касалликлар ва зараркунандаларга қарши курашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, дастлабки қайта ишлаш, стандартлаштириш, сертификатлаш, доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш, ўрмончилик, балиқчилик бўйича янги ва замонавий билимларга эга бўлган юксак малакали кадрлар тайёрлаш;

ўқув-лаборатория базасини модернизациялаш, ўқув режаси ва фан дастурларида соҳа бўйича замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, юқори унумли ва ресурстежамкор илғор технологиялар бўйича билимларни акс эттириш, ўқув жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш орқали олий таълим муассасалари битирувчиларининг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш;

соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва жорий этилаётган замонавий технологияларга оид билим ва кўникмаларини чуқурлаштиришни ҳисобга олган ҳолда талабаларни ўқитишнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш ва ўқув жараёнига жорий этиш;

профессор-ўқитувчиларнинг касбий билими, педагогик маҳорати ва илмий салоҳиятини мунтазам равишда ошириш, хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар, илмий ва илмий-педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва стажировкаларини ташкил этишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;

фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлаш орқали манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий-техник вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган амалий ва инновацион изланишларни амалга ошириш;