Ўзбекистон Республикаси президенти “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт вазирлигининг таклифлари асосида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (кейинги ўринларда Институт деб аталади) унинг Бухоро филиали ва академик лицейлари билан биргаликда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимига ўтказилди.
Қуйидагилар Институт ва унинг Бухоро филиалида олий маълумотли кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:
сув хўжалигида инновацион ресурстежамкор техника ва технологияларни қўллаш, геодезия ва геоинформатика, дарё ва сув омборлари гидрологияси бўйича янги ва замонавий билимларга эга бўлган олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрлаш;
ўқув-лаборатория базасини модернизациялаш, ўқув режаси ва фан дастурларида соҳа бўйича замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, юқори унумли ва ресурстежамкор илғор технологиялар бўйича билимларни акс эттириш, таълим бериш жараёнида назария ва амалиёт бирлигини таъминлаш орқали олий таълим муассасалари битирувчиларининг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш;
талабаларга таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича соҳада амалга оширилаётган модернизация ва жорий этилаётган замонавий технологияларга оид янги билим ва кўникмаларни сингдирган ҳолда сифатли таълим бериш;
профессор-ўқитувчиларнинг касбий билими, педагогик маҳорати ва илмий салоҳиятини мунтазам равишда ошириш, хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар, илмий ва илмий-педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва стажировкаларини ташкил этишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;
фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлаш орқали манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий-техник вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган амалий ва инновацион изланишларни амалга ошириш;
соҳа учун кадрлар тайёрлашнинг узвий тизимини яратиш, бириктирилган академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари таълим дастурларининг узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаш, уларда сифатли таълим берилишини ташкил этиш;

















