Жамият | 10:50 / 13.05.2018
12016
2 дақиқада ўқилади

«Вақф» хайрия жамоат фонди давлат рўйхатидан ўтказилди

Ўзбекистон президентининг 2018 йил 16 апрелдаги ПФ-5416-сонли «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фондини ташкил этилиш билан боғлиқ тадбирлар белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг телеграмдаги каналида хабар берилишича, шунингдек, Фармонда тегишли идораларга фуқаролардан закот, фитр ва бошқа хайрия маблағлари сифатида тушадиган маблағлар «Вақф» хайрия жамоат фондининг алоҳида ҳисоб рақамида тўпланиши ҳамда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган (шу жумладан, Интернет тармоғи орқали онлайн кузатиш имкониятини яратган) ҳолда маблағларнинг тушиши ва сарфланишида тўлиқ шаффофликни таъминлаш бўйича амалий кўмак бериш топширилган. 

Шу муносабат билан, Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди давлат рўйхатидан ўтказилди.

Мазкур ташкилотнинг асосий мақсади кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фан ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, халқимизга азал-азалдан хос бўлган маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилат ва қадриятларни давом эттиришга кўмаклашиш ҳисобланади.

Ушбу фонднинг ташкил қилиниши Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунда белгиланган фуқароларнинг ҳуқуқларини амалга оширишлари учун яна бир имконият бўлди.

Адлия вазирлиги томонидан Фонд бошқарув раҳбари Жалолиддин Хамрақуловга фонднинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома топширилди ва унинг келгусидаги фаолиятига муваффақиятлар тиланди. 

Мавзуга оид