Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари, Вақф хайрия жамоат фонди раиси Зайниддин Эшонқулов бошчилигидаги делегация Малайзияда бўлиб ўтган Исломий иқтисодиёт ҳафталиги ва Жаҳон вақф форумида иштирок этди.
Ўзбекистон делегацияси Малайзия парламенти сенатори, Малайзия Вақф фонди раҳбарияти, Бутунжаҳон закот ва вақф форуми бош котиби ҳамда бошқа расмийлар билан учрашиб, соҳа бўйича музокаралар ўтказди.
Малайзиянинг “Нашрул Қуръон” нашриёти раиси Абдул Латиф Мираса билан учрашувда ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш, турли хайрия лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш мақсадида англашув меморандуми имзоланди.
“Нашрул Қуръон” нашриёти “Вақф” хайрия жамоат фонди орқали Ўзбекистон халқига 20 минг нусхадаги “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси” китобини туҳфа қилди.
Учрашувлар чоғида Бутунжаҳон вақф форумини жорий йилнинг ноябр ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу халқаро тадбирга мусулмон мамлакатларидан 300 га яқин ҳукумат расмийлари ва экспертларни таклиф этиш режалаштирилмоқда.
















