"Бўлғуси қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилини суғурта қилиш механизмини такомиллаштириш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори муҳокама учун эълон қилинди.

Ҳужжат билан қишлоқ хўжалик соҳасида олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларда янгича услубларни кенг қўллаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларини турли табиий офатлар натижасида кўрадиган зарарлардан суғурта механизми орқали ҳимоялаш механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилишни таъминлаш мақсадида пахта хомашёси ва бошоқли дон экинлари ҳосилини суғурталаш бўйича ишлаб чиқилган “Бўлғуси қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилини суғурта қилиш тўғрисида”ги Низомни, “Қишлоқ хўжалиги экинлари ҳолати мониторингини ўтказиш Тартиби”ни ҳамда “Қишлоқ хўжалик экинларини суғурта қилиш механизми”ни тасдиқлаш назарда тутилди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларини етиштиришда об-ҳавонинг ва бошқа табиий офатларнинг ҳар йили бир маромда келмаслигини ҳисобга олган ҳолда мавжуд пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларини етиштирувчи хўжалик субъектларига бўлғуси қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилини тўлиқ суғурта қилиниши таъминлаши белгилаб қўйилади.

Суғурта ташкилотлари пахта хомашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи хўжалик субъектлари билан экинлар ҳосили қийматининг 2 (икки) фоизи миқдорида суғурта қилиш харажатларига ажратиш бўйича ҳар йили:

ғалла ҳосили учун 10 декабргача;
пахта ҳосили учун 20 апрелгача муддатларда суғурта шартномаларини расмийлаштириши мумкин.

Туман ҳокимлари ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари биргаликда пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларини етиштиришни молиялаштириш учун ажратиладиган кредит маблағлари меъёрларида суғурта харажатлари учун етарли миқдорда маблағлар ажратилиши кўзда тутилишини таъминлаши назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига суғурта харажатлари учун ажратиладиган маблағлар миқдори экинлар ҳосили суғуртасининг зарарлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳар йили қайта кўриб чиқиш ва агротехник тадбирларини молиялаштириш жараёнида экинлар ҳосили қийматидан келиб чиққан ҳолда суғурта харажатлари меъёри миқдорига ўзгартириш киритиш ваколати берилиши мумкин.

Туман ҳокимлари томонидан тасдиқланган ишчи гуруҳлари ҳамда об-ҳавони кузатиш маркази ходимлари экинларни экиш ва парваришлаш даврида агротехник ва вегетация тадбирларга риоя қилиниши бўйича доимий мониторингни ташкил этадилар.