Ўзбекистон | 18:29 / 22.05.2018
13587
2 дақиқада ўқилади

“Барселона-1992” чемпиони Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси президенти этиб сайланди 

Бугун, 22 май куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ташкил қилинди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда Ўзбекистонда енгил атлетика спортининг ривожига қўшган ҳиссаси, қолаверса соҳадаги тажрибаси ва кўп йиллик меҳнати инобатга олиниб, Андрей Ҳакимович Абдувалиев номзоди федерация президентлигига илгари сурилди. Делегатлар бир овоздан А.Абдувалиев номзодини қўллаб-қувватладилар. Шу тариқа, Андрей Абдувалиев Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг янги раҳбари этиб сайланди.

Маълумот учун, Андрей Абдувалиев 1966 йилда туғилган. МДҲ бирлашган терма жамоаси сафида 1992 йилги Олимпия ўйинларида чемпионликни қўлга киритган. 2000-2012 йиллар давомида Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг бош котиби лавозимида фаолият олиб борган.

Мамлакат енгил атлетика федерацияси бош котиби сифатида фаолият юритиб келган Камолиддин Нурмуҳаммедов эса лавозимига қайта сайланди. Янги раҳбарият олдига мамлакатимизда спортнинг ушбу турини ривожлантириш, олдинда турган нуфузли мусобақаларда муваффақиятли натижалар қайд этиш вазифаси қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нурхон Нафасов Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясига президент бўлгани хабар қилинганди.

 

Мавзуга оид