“Ўзбекконцерт” давлат муассасасида Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга оид жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи ҳамкорлигида “Тўй-ҳашамларда концерт-томоша хизматини кўрсатишни қонунчилик ва миллий қадриятлар асосида тартибга солиш муаммолари: амалиёт ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати хабар берган.

Таъкидланишича, кейинги пайтларда оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатларнинг олдини олиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.
Айни пайтда Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга оид жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан жойларда халқнинг талаб ва истаклари ўрганилмоқда.
Республика ишчи гуруҳи ўрганишлари натижасига кўра, бугунги кунда оилавий маросимларни камхарж ўтказишда одамларни энг кўп қийнаётган масалалардан бири концерт-томоша ўтказишда санъаткорларга тўланадиган ҳақ экани ойдинлашмоқда, дейилади хабарда.

Биргина 2017 йилнинг ўзида республика бўйича 3 мингдан зиёд жисмоний шахсларга (819 нафар хонанда, 807 нафар овоз оператори, 460 нафар дижей, 355 нафар созанда, 344 нафар раққоса, 203 нафар бошловчи, 22 нафар сўз устаси ва 19 нафар маъмур) концерт-томоша фаолияти учун лицензиялар берилган.
Қонунчиликда концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар учун бир қатор имтиёзлар кўзда тутилган. Концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш учун давлат божи тўловчи жисмоний шахслар мазкур фаолият бўйича қатъий белгиланган солиқни тўлашдан озод этилган, улар якка тартибдаги тадбиркорлар учун назарда тутилган тартибда, энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида суғурта бадалини тўлаши белгиланган.
















