Бугун, 31 май куни Тошкент шаҳрида "Миллий эстрада санъатининг ёшлар маънавий, ахлоқий тарбиясидаги ўрни ва санъаткор одоби" мавзусидаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда "Ўзбекконцерт" маъмурияти ва ўзбек санъатининг кўзга кўринган хонандалари қатнашишди.

KUN.UZ мухбирининг маълум қилишича, "Ўзбекконцерт" раҳбари Одилжон Абдуқаҳҳоров муқаддас Рамазон ойида санъаткорлар орасида "урф" бўлаётган соқол қўйиш, ижтимоий тармоқларга масжидлардаги суратларини жойлаш, аёл-хонандаларнинг кийиниши каби масалаларга эътибор қаратди.

"Дарҳақиқат, ислом динида соқол суннат қилинган. Бироқ ҳозир айрим санъаткорлар соқолдан ўзига имидж яратиш йўлида фойдаланишмоқда. Халқ ҳақиқий санъатга баҳо беради. Ислом дини санъаткор тарғиботига муҳтож эмас", - деди "Ўзбекконцерт" раҳбари.

Шу ўринда таровеҳ намозларига боргани акс этган суратларини ўз саҳифаларига жойлаётган ҳамда масжидларда имомлар билан тушган суратлари тарқалаётганлар, саҳарлик ва ифторлик таомлари суратлари билан бўлишаётганлар танқид қилинди.

"Ҳа, санъаткорларга кўплаб имкониятлар яратилмоқда. Бироқ бу имкониятларни суиистеъмол қилмаслик керак", - деди Одилжон Абдуқаҳҳоров.

Бундан ташқари, аёл-хонандаларнинг кийиниш маданияти танқид қилинди. "Санъатингизни кўрсатинг, нима қиласиз эътиборни бошқа нарсаларга тортиб?!", - деди Абдуқаҳҳоров.

Тадбирда шунингдек устоз санъаткор Азим Муллахонов ҳам сўзга чиқиб, санъаткорларнинг ёмонотлиқ бўлиши сабаблари, қўшиқларда ўзбекча оҳангни сақлаб қолиш кераклиги ва устоз-шогирд анъаналарига диққатни қаратди.

"Мендан кўпинча нима учун санъаткорларни ҳамма ёмон кўради?" деб сўрашади, чунки улар сўнгги вақтларда "юлғич" деган ном олишмоқда, 500 доллар бермаса, машинадан тушмайдиганлари ҳам бор. 2-3 санъаткорни деб ҳаммага "юлғич" деган ёрлиқ ёпишади. Инсоф сари барака...", - деди у.