«Imarat Development» қурилиш лойиҳаси эгаси Марат Ҳамдамов процессуал тартибда ушланди

«Imarat Development» қурилиш лойиҳаси эгаси Марат Ҳамдамов Тошкент шаҳар ИИББ томонидан олиб борилаётган жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб этилди ва ЖПК 227-моддаси тартибида ушланди.

Бу воқеа компания лойиҳаларидаги хонадонлар мижозларга ваъда қилинган (шартномада кўрсатилган) муддатда топширилмагани ортидан муаммолар юзага келиши фонида бўлмоқда.

1 ноябр куни Тошкент шаҳар ИИББ тергов бошқармаси офиси Сергели туманидаги Буюк авлод шоҳкўчасида жойлашган «Imarat Development» масъулияти чекланган жамият раҳбариятига нисбатан ЖК 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 192-11-моддаси (Мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатганди.

Йўлларда мобил радар ҳақида олдиндан огоҳлантириш талаби бекор қилинди

Йўлда радар ҳақида огоҳлантирувчи белгини ўрнатиш ҳақидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори ўзгартирилди.

Аввалги тартибга кўра, 2025 йил 1 сентябрдан тезликни назорат қилувчи ҳар қандай турдаги стационар ва мобил радар жойлашган ҳудудда ҳамда уларгача 250–500 метр масофада «Радар» йўл белгисини ўрнатиш мажбурий эди.

Янги қарорда ушбу банд қайта баён қилиниб, ундаги «ҳар қандай турдаги стационар ва мобил радар» ифодаси ўрнига «стационар радар» деб белгиланди. Натижада мобил радар мазкур мажбурий талаб қамровидан чиқарилди.

Шунингдек, Йўл ҳаракати қоидаларидаги 5.43 — «Радар» белгисига оид бандга ҳам ўзгартириш киритилди. Унга кўра, белги фақат стационар радар ёрдамида назорат қилинаётган жойларгача 250–500 метр масофада ўрнатилади.

Чет элга ишга юбориш тизими тўлиқ хусусий секторга ўтказилади

Президент Шавкат Мирзиёев фуқароларни хорижга ишга жойлаштириш масаласи энг ишончли хусусий бандлик агентликларига тўлиқ ўтказилишини маълум қилди.

Янги тизимда хорижда юқори даромадли ишга жойлаштирилган ҳар бир фуқаро учун агентликка 1,5 млн сўм рағбат пули тўланади. Ёшларни касб ва тилга тайёрлаш учун техникум биноларининг бир қисми бепул ижарага берилади.

Шунингдек, чет элдан жалб қилинган ўқитувчи ва экспертлар учун ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланади, ўқув жараёни учун зарур ускуна ва жиҳозлар эса божхона божидан озод қилинади.

Ўзбекистонда туғилишлар сони 26 мингтага камайди

2026 йил январ–сентябр ойларида Ўзбекистонда 638628 та тирик туғилиш ҳолати қайд этилди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 26 мингтага кам.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, энг кўп туғилиш Самарқанд вилоятида қайд этилган — тўққиз ойда ҳудудда 77 537 нафар чақалоқ дунёга келган.

Кейинги ўринларни Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари эгаллаган. Уларда мос равишда 72508 ва 71437 та туғилиш қайд этилган. Энг кам кўрсаткич эса Сирдарё вилоятига тўғри келган — 15377 та.

Ғузорда аёл ва унинг 4 боласини ёқиб юборган эркак умрбод қамалди

Қашқадарё вилоятида аёл ва унинг болаларини ёқиб юборган эркак жиноий жазога тортилди.

Маълум қилинишича, ҳолат 2026 йил 15 май куни кечаси содир бўлган. Судланувчи С.Т. жабрланувчининг Ғузор туманидаги хонадонига бориб, у билан жанжаллашган. Сўнгра аёл ва унинг тўрт нафар вояга етмаган фарзандини устига бензин сепган ҳолда тириклайин ёқиб юборган. Аёл ва унинг икки нафар фарзанди ҳаёти сақлаб қолинди. Аммо куйишдан олган тан жароҳатлари оқибатида 6 ёшли ўғил ва 11 ёшли қиз вафот этди.

ЖИБ Қамаши туман суди ҳукми билан С.Т. умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.