Шавкат Мирзиёевнинг ҳаётидан бир кун
Ҳар қандай инсоннинг маълум бир режаси ва иш графиги бўлади. Режа кўпинча кунлик, ҳафталик, ойлик ва йиллик бўлади. Бугун Ўзбекистон президентининг матбуот хизматидан келаётган ахборот оқимига назар ташлай туриб, ҳар қандай инсоннинг ҳаётида режалаштириш чиндан ҳам муҳим ўрин тутишига амин бўлдик.
Ўзбекистон президентининг бугунги кунига эътибор қаратинг.
Соат тахминан 11 ларда Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги аэродромда амалга оширилаётган ишларнинг бориши билан танишди. Ўзбекистон президенти бажарилган ишларни кўздан кечириб, аэропортда қурилиши мўлжалланган объектларнинг кам-кўстларини тўлдириб охирига етказиш бўйича кўрсатма берди. Давлат раҳбари қурилишда ёрқинроқ ранглардан кўпроқ фойдаланиш, аэропорт ҳудудини кўкаламзорлаштириш, ўйланган дренаж тизимини ташкил этиш заруриятини таъкидлаб ўтди.
Тушдан сўнг соат 1 да Ўзбекистон президенти Тошкент шаҳрининг Махтумқули ва Оҳангарон кўчалари кесишмасида барпо этиладиган йўл ўтказгич лойиҳаси билан танишди. Шавкат Мирзиёев шунингдек, Оҳангарон шоссеси бўйлаб режалаштирилаётган ер усти метроси қурилиши лойиҳалари билан ҳам танишди.
Орадан бир соат ўтиб, Ўзбекистон президенти Тошкент шаҳрининг Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари кесишмасида барпо этилаётган кўпфункцияли спорт мажмуасига ташриф буюрди. Давлат раҳбари мазкур иншоот улкан ижтимоий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, мажмуа йил бўйи фаолият кўрсатишига эришиш кераклигини айтиб ўтди. Мажмуа базасида спорт жамоаларини ташкиллаштириш, спорт либослари ва анжомларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонани ташкил этиш юзасидан топшириқлар берди.
Ярим соат ўтмасданоқ Шавкат Мирзиёев Tashkent City бизнес марказининг қурилиши билан таниша бошлади. Давлат раҳбари қурувчилар ва инженерлар, хорижлик мутахассислар билан суҳбатлашди. Меҳмонхоналар ва конгресс-ҳоллда халқаро тадбирларни сифатли қилиб ўтказиш учун барча шароитларни ҳозирлаш, конференц-залларни безашда миллий услубдан фойдаланиш кераклигини қайд этди.
Шундан сўнг президент Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмасида бунёд этилаётган йўл ўтказувчи кўприкни бориб томоша қилди. Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги жамики йўл ўтказгичларни инвентаризация қилиш зарурияти ҳақида гап очиб, уларга сифатли хизмат кўрсатиш ва режали тарзда таъмирлаш кераклигини таъкидлади. Шу мақсадда йўл ўтказгичларни эксплуатация қилиш бўйича бутун бир тизим яратиш, керакли кадрлар билан таъминлаш, шунингдек замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш топшириғи берилди.
Шундан сўнг президент Шавкат Мирзиёев Чилонзор туманининг Хирмонтепа маҳалласига борди. Президент маҳалла фаоллари, кўп қаватли уйларда яшовчилар ва болалар билан суҳбатлашди.
Кейин президент Чилонзор туманининг Тирсакобод маҳалласида амалга оширилаётган ободончилик ишларини кўздан кечирди.Шавкат Мирзиёев маҳалла ҳаёти билан яқиндан танишди, фаоллар билан суҳбатлашди. Давлат раҳбари мамлакатнинг барча шаҳарларида замонавий маҳалла марказларини қуриш, аҳолининг тинчлик ва фаровонлигини таъминлаш борасида топшириқлар берди.
Кун сўнгида президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ва шаҳар туманлари ҳокимлари, масъул раҳбарлар иштирокида йиғилиш ўтказди. Тадбир давомида пойтахтда саноат ва кичик бизнесни ривожлантириш, аҳолининг бандлик даражасини ошириш, Тошкент шаҳрида инженер-коммуникация тармоқларини яхшилаш чоралари белгилаб олинди.
Юқорида кўрсатиб ўтилган фактлардан кўриниб турибдики, Ўзбекистон президентининг графиги ўта зич. Бир кун ичида Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига чиқишга, 5 та қурилиш объекти билан танишишга, Тошкент шаҳридаги иккита маҳаллада бўлиб, маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашишга улгурди.
Инсон ўзига ажратилган қисқа йўл давомида қандайдир қувончга эришишни истаса, у нафақат ўзининг, бошқаларнинг ҳам аҳволини яхшилаш ҳақида ўйлаши ва режалар тузиши керак, деб бежизга айтишмаган. Чунки у ўзи ҳис қилаётган қувонч бошқалар учун нечоғлик қувонаётганига ва бошқалар унинг учун қанчалар қувонаётганига боғлиқдир.
Мавзуга оид
18:38
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024