ХОРВАТИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ
Лақаби: «Оловлилар»
Конфедерацияси: УЕФА
Либоси: оқ-қизил (шахмат)
ФИФА рейтингидаги ўрни: 18
Жаҳон чемпионати: 3-ўрин (1998)
Европа чемпионати: Чорак финал (1996, 2008)
Жамоа сардори: Лука Модрич
Терма жамоа тарихида энг кўп гол урган: Давор Шукер (45)
Терма жамоа тарихида энг кўп майдонга тушган: Дарио Срна (134)
Тарихдаги энг йирик ғалаба: 10:0 - Сан Марино (2016)
Энг йирик мағлубият: Англия 1:5 - (2009)

Тарихи
Хорватия ва Сербия футболда қайсидир маънода Украина ва Россияни эслатиб юборади. Бу икки давлат ҳам 1991 йилгача битта - Югославия таркибида бўлишган. Югославия футбол тарихида (ЖЧ финалчиси, Европа чемпиони) муҳим ўринда туради ва жамоа меросхўри сифатида кўпроқ серблар тилга олинади. Аммо ажралгандан кейинги ўйинлар, мамлакатда етишиб чиққан юлдузларга эътибор берсангиз, Хорватия улоқни олиб кетади. Терма жамоа формасидан тортиб, улар ижро этадиган романтик футболгача бетараф мухлисларни ром этган. Ҳар қандай турнирда хорватларга қандайдир илиқ ҳислар билан ёндашадиган мухлислар юртимизда ҳам топилади.

Хорватия ўзи иштирок этган илк жаҳон чемпионати саралашида бир йўлланмани айнан Украина терма жамоасидан тортиб олганида ҳам рамзий маънода бордек. Икки эгизак жамоалар ичида ўзини дунёга танитиш навбати дастлаб Хорватияга берилди. ЖЧ-98 да хорватлар Аргентина, Ямайка ва Япония билан бир гуруҳга тўп суриб, ушбу гуруҳда 2-ўринни олишлари кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлмади. Жамоа таркибидаги Просинечки, Асанович, Ярни, Шукер, Билич, Шимич, Ковач, Влаович каби футболчилар аслида икки йил олдин Англияда ўтган Европа чемпионатидаёқ имкониятларини намойиш этиб улгуришганди.

Аммо чорак финалда Европа чемпиони Германия устидан ғалабадан сўнггина кўпчиликнинг эътибори уларга қаратилди. Шахмат либосдаги йигитларга дунёнинг катта қисми мухлислик қила бошлади. Германия 4 йил олдинги Болгариядан учралган мағлубиятни жуда яхши эслайди ва бу сафар ўйинга жиддийроқ ёндашишни ният қилган бўлиши табиий. Лекин ўша куни хорватлар чинданам кучли эди - 3:0.