Қозоғистон Сенати Халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Дариға Назарбоева Осиё "шенгени"ни йўлга қўйишни таклиф қилди. Tengrinews шу ҳақида хабар берди.

Қозоғистонлик сенаторлар Сариёғочда Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, чет эл инвестициялари ва туризм масалалари қўмитаси депутатлари билан учрашишди.

Учрашув доирасида Дариға Назарбоева Ўзбекистон ва Қозоғистонда туризмнинг ривожланиши ҳақида сўз юритди. 

"Бир-биримизни яхши билишимиз ва ишонишимиз учун туристик салоҳиятни ривожлантириш жуда муҳим. Биз икки мамлакат туризмини рағбатлантириш, шунингдек бу ерларга яқин ва узоқ хорижий давлатлардан сайёҳлар ташрифини рағбатлантириш зарурлиги ҳақида гапирган эдик. Улар Марказий Осиёга келишганида бирйўла барча мамлакатлар ва бу ерлардаги диққатга сазовор жойларни кўргиси келади. Европалик ва Осиё жануби-шарқидаги сайёҳлар учун Марказий Осиё яқин манзил эмас. Шунинг учун улар узоқ масофаларни босиб ўтганга яраша бир саёҳатда бир ўйла барчасини кўриш истаги пайдо бўлади, бунинг учун эса умумий визани йўлга қўйиш керак", - деди Назарбоева.

"Биз бу Осиё "шенгени" бўлиши, уни Silk-виза деб аташ мумкинлиги ҳақида гаплашган эдик", - дея таъкидлади у. Депутат мамлакатлар туристик йўналишларни бирга тарғиб қилиши мумкин деб ҳисоблайди.

"Самарқанд, Хива ва Бухорони кўпчилигимиз кўрганмиз, дея олмаймиз. Мен Самарқанд ва Тошкентда бўлганман, бироқ бошқа шаҳарларда ҳали бўлмаганман", - дейди Назарбоева.

Таъкидлаш жоизки, шу йилнинг март ойида собиқ Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, айни дамда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов KUN.UZ'га Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида тўсиқларсиз "Ипак йўли" тизимини жорий қилиш режалаштирилаётгани, сайёҳларнинг қадимий Ипак йўлига бўлган қизиқиши жуда катта экани ҳақида маълум қилганди

Фото: VisitUzbekistan

"Ғоя шундан иборатки, қўшни мамлакатларга - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва эҳтимол Озарбойжон билан мультитурларни ташкил қилиш. Айни дамда гап фақат Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳақида бораётган экан, бу мамлакатлардан бирига, масалан Қозоғистонга виза билан ёки визасиз ташриф буюрган сайёҳ Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива ёки Тошкент шаҳарларини ҳам зиёрат қилиш имконига эга бўлади. Буларнинг бари жуда жиддий ишларнинг амалга оширилишини, биринчи навбатда, қўшма маълумотлар базасини тузиш, маълумотлар алмашинувини талаб қилади", - деган эди Абдуҳакимов.