Мамлакатимизда мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар сабаб, юртимизда жаҳон таълим стандартларига мос етук олий ўқув юртлари қаторида нуфузли хорижий олийгоҳларнинг филиаллари фаолият юритмоқда.
Бугун ушбу олий ўқув юртларини тамомлаган ёшлар мамлакатимизнинг турли тармоқларида маҳаллий мутахассислар сифатида фаолият юритиб келмоқдалар.


Саноатнинг юқори тармоқлари бўлган автомобилсозлик, қурилиш архитектураси ва ахборот технологиялари ҳамда жорий йилдан бошлаб авиакосмик инжиниринг йўналиши бўйича мутахассисларни етказиб берувчи Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети юртимиздаги нуфузли олий ўқув юртларидан биридир. Ҳозирда ушбу олийгоҳда 1000 дан ортиқ талабалар таҳсил олмоқда. Университет талабалари ҳамда профессор- ўқитувчилари бир неча йиллардан бери халқаро ташкилотларнинг турли дастурларида фаол иштирок этиб, ҳар йили Италия, Германия, Япония ва Жанубий Корея каби давлатларга алмашинув дастури орқали бориб ўз малакаларини ошириб қайтмокдалар. Бундан ташқари, талабалар Европанинг дунёга танилган йирик корxона ва ташкилотларида амалиёт ўтамоқдалар.

Шунингдек, юртимиз ва хорижий давлатларда бўлиб ўтаётган турли кўргазма ва семинарларда ҳам университет талабалари фаол иштирок этиб келишмоқда. Хусусан, International Youth Summit, ICT Week, World Festival of Youth and Students 2017 in Sochi, Russia, Astana EXPO 2017 ва шу каби бошқа кўплаб кўргазмаларда университетнинг иқтидорли талабалари ўз инновацион лойиҳалари билан қатнашдилар.





















