https://ok.ru/videoembed/2530896906943
Ўзбекистонда илк бор Тошкент шаҳридаги Турин Политехника университети талабалари томонидан ишлаб чиқарилган CubeSat (нано сунъий йўлдош) стратосферага учирилди. Вазни 2.5-3.0 кг бўлган, U-классдаги ушбу аппарат, космик тадқиқотлар олиб бориш учун бир нечта модуллардан ташкил топган 10 см куб ҳажмдаги сунъий йўлдош ҳисобланади.



CubeSat бир қатор сенсор қурилмалардан ташкил топган бўлиб, ердан узоқлашиш баландлиги, стратосферадаги ҳаво намлиги, шамол тезлиги, ҳавонинг ифлосланиш даражаси тўғрисидаги ва бошқа турдаги физикавий маълумотларни онлайн тарзда университетда жойлаштирилган маълумотларни қабул қилувчи станцияга узатди, қабул қилинган маълумотлар келгусида геодезия соҳасида илмий тадқиқот олиб бориш учун таҳлил қилинади. Шунингдек, CubeSat учиши давомида видео тасвирларни онлайн тарзда узатди, ушбу маълумотлар ёрдамида келгусида геоахборот тизимлари йўналишидаги тадқиқотларда фойдаланилади. Ушбу йўлдошни тонг саҳарлаб учиришдан мақсад, гелий гази билан тўлдирилган шар, ҳаво ҳарорати кўтарилишидан олдин стратосфера қатламига, яъни 20 км баландликка кўтарилиб олиши керак. Гелий гази иссиқ ҳароратларда ўзининг учувчанлик хусусиятларини йўқотади. Бизнинг йўлдошимиз тропосфера қатламини босиб ўтгандан сўнг, стратосфера қатламини забт этди ва баландликка кўтарилди.



“Юртимизда космик фаолиятни ривожлантиришга давлат раҳбари томонидан алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, 2019 йил 30 августдаги ПФ-5806-сонли “Ўзбекистон Республикасида космик фаолиятни ривожлантириш тўғрисида”ги фармони асосида юртимизда «Ўзбеккосмос» агентлигининг ташкил этилиши ушбу соҳага ёшларимизни янада қизиқишини уйғотди. Бугунги тадбир доирасида космик тадқиқотларга бағишланган лойиҳани амалга оширишдан мақсад, университетимиз талаба-ёшларини космик тадқиқотлар ва технологиялар, илмий-изланиш, тажриба-конструкторлик ва инновацион ишларни ривожлантиришга қизиқишини уйғотиш ва ушбу соҳада назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш”, - деб таъкидлади Жамшид Шуҳратуллаевич Иноятходжаев, Тошкент шаҳридаги Турин Политехника университети ректори.















