Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Эски Яккабоғ қўрғончасида истиқомат қилувчи аҳолидан келиб тушган мурожаат бизни вазиятни ўз жойида бориб ўрганишга ундади.
Эски Яккабоғ қўрғончаси ҳудудидан Қизилдарё оқиб ўтади. Қўрғончада ичимлик суви водопровод орқали етказилишига барҳам берилганига қарийб 15 йил бўлаяпти. Аҳоли тўлиқ дарёнинг сувини олиб, қайнатиб, тиндириб ичади.
Дарёдан узоқроқда бўлганларга сув ташувчи машиналарда етказиб берилади.
Қўрғонча аҳолисининг асосий эътирози — дарё ўзанидан тош қазиб олаётган «Нурли келажак сари» МЧЖ (бошлиғи Ғуломхон Қурбонов) ва «Дўстлик» ХИЧК (бошлиғи Фарҳод Нурмаҳматов) томонидан йиллар давомида дарё ўзанининг пасайтириб юборилгани, тош майдаловчи ва шағал сараловчи ускуналардан оқаётган чиқинди сув ва дарё ўзани ичра ҳаракатланаётган техника воситаларининг ёғ-мойлари дарё сувига қўшилиб, уни ичиш учун мутлақо яроқсиз ҳолатга келтираётгани хусусидадир.
Истеъмол қилинадиган дарё сувидан керосин, солярка ва мой ҳидлари келиб, уни истеъмол учун яроқсиз қилмоқда. Лекин маҳаллий аҳолининг бошқа иложи йўқ. Ифлосланмаган сувни ташиб келтириш сув нархининг ошишига олиб келади.

Дарё ўзанидаги тошлар олинаверганидан, ер ости сувлари сатҳи ҳам пасайиб, Эски Яккабоғ қўрғончасининг оилалари ўз хонадонларида қазиган қудуқлари ҳам қуриган. Энди улар ҳам сувни ташиб ёки сотиб олиб истеъмол қилишлари керак.
Маҳаллада истиқомат қилувчи ёши улуғ қариялар ушбу корхоналар туни билан ишлаши туфайли шовқин ҳам уларнинг тинчини бузаётганини гапириб ўтишди.
Қизилдарё ўзанидан қум ва тошлар қазиб олиниши билан ёндош ҳудудларда силжиш юзага келган. Кўҳна қабристонда ёриқ ҳам пайдо бўлганини айтиб ўтишди. Агар қабристон жойлашган тепалик силжиб, дарёга қулайдиган бўлса қандай даҳшат юз беришини тасаввур қилаверинг!

Қишлоқ аҳли шағал ва қум ташиётган юк машиналари қўрғонча ҳудудида мавжуд йўллар ва кўприкларни ишдан чиқараётганини ҳам таъкидлаб ўтди. Қўрғонча ҳудудига келган сел ҳам кўприкларнинг ҳолатини янада абгорлаштирди.



















