
Бугун, 14 июль куни Англия ва Бельгия терма жамоалари Санкт-Петербургда жаҳон чемпионатининг бронза медаллари учун кураш олиб боришади.
Бундай ўйиннинг қанчалик кераклиги бўйича анчадан буён баҳс-мунозаралар тинмаяпти.
БРОНЗАДАН КЎРА ТАЪТИЛ ЯХШИРОҚ
Учинчи ўрин учун баҳс матбуотда «тасалли берувчи финал» деб ҳам номланади. Бу нотўғри. Биринчидан, финал ўйинидан сўнг соврин топширилиши шарт. Иккинчидан, 20дан ортиқ эркаклар беллашувини «тасалли берувчи» деб номлаш адолатдан эмас. Эркакларга тасалли эмас, балки катта ғалабалар керак.
Мухлислари бир ой давомида жаҳон кубоги ҳақида «У уйга қайтмоқда» деб куйлаган Англия терма жамоаси майдонда қандай тушсин? Жаҳон чемпиони бўлиш имкониятини йўқотган Бельгиянинг «олтин авлоди» бронза учун қандай курашсин?
«Биз бронза учун курашишимиз лозим, аммо иштиёқимизнинг баландлиги туфайли, бу ишни қилиш осон бўлмайди» - деган эди Бельгия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинес яримфиналдаги мағлубиятдан сўнг.

Шунга ўхшаш фикрни унинг инглиз ҳамкасби Гарет Саутгейт ҳам айтди: «Бу биз орзу қилган ўйин эмас».

Жаҳон чемпионати – кубок мусобақасидир. Уни бутун дунёда Жаҳон Кубоги деб номлашади. Кубок тизимида фақат битта ғолиб бўлади. Ютқазган жамоа мусобақани тарк этади. Ҳеч қандай «тасалли берувчи финал»лар кўзда тутилмайди. Ҳозир инглизлар ҳам, бельгияликлар ҳам фақат таътил ҳақида ўйламоқда. Бироқ, мана шу бемаъни ўйин туфайли, уларнинг таътили уч кунга қисқарган.
ФИФА ДАРОМАД ОЛАДИГАН ЎЙИН

Учинчи ўрин учун баҳс болалар турнирларига ярашади. Бунда яримфиналда ютқазган болакайларда ўзига юқори баҳо бериш имконияти пайдо бўлади. Катталар даражасида бу ўйиндан маъно йўқ.
















