Спорт | 18:10 / 16.07.2018
8220
4 дақиқада ўқилади

ХПКда ЖЧ-2018нинг Ўзбекистон ҳудудида эфирга узатилиши якунлари муҳокама этилди

Бугун, 16 июль куни Тошкентда Халқаро пресс-клуб ва UzReport ахборот агентлиги (UZREPORT TV va FUTBOL TV телеканаллари) томонидан «Жаҳон чемпионати – 2018: миллионлар ўйини, жонли трансляция ва футбол завқи» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирда ФИФА рефериси Равшан Эрматов, UzReport ахборот агентлиги бош директори Равшанхон Жўраев, таниқли футбол шарҳловчиси Даврон Файзиев ҳамда россиялик спорт шарҳловчилари Денис Казанский ҳамда Александр Елагин спикер сифатида иштирок этди.

Матбуот анжуманида кеча якунига етган Жаҳон чемпионатининг Ўзбекистон ҳудудида эфирга узатилишининг якунлари муҳокама қилинди. Хусусан, мундиал ўйинларини мамлакатимиз ҳудудида трансляция қилиш ҳуқуқини сотиб олган UzReport ахборот агентлиги учун бу илк Жаҳон чемпионати бўлгани таъкидлаб ўтилди. Агентлик бундан аввалроқ Европа миллий чемпионатлари ва Евро-2016 финал босқичини ҳам сифатли тасвирларда ўзбекистонлик томошабинларга тақдим этганди.

Kun.uz мухбирининг маълум қилишича, UzReport май ойи охирларида ЖЧни Ўзбекистон ҳудудида қонуний трансляция қилиш бўйича ФИФА билан келишувга эришган. Агентлик 6 ой давом этган халқаро тендерда ғолиб чиқиб, бу ҳуқуқни қўлга киритган.

«ЖЧ трансляцияси ҳуқуқига эга бўлиш – энг аввало масъулият, дегани. Бу масъулиятни тўғри англаган ҳолда, бир қатор ташкилий ишларни амалга оширдик. Энг биринчи ташкилий масала шарҳловчилар масаласи бўлди. Ўйинларни ўзбек тилида шарҳлаш учун Даврон Файзиев, Ҳасан Турдалиев, Диёр Имомхўжаев каби яхши шарҳловчиларга эга эдик, бироқ биз Ўзбекистон ҳудудида яшовчи русийзабон аҳоли қатламини ҳам қамраб олишни истадик. Шу мақсадда россиялик шарҳловчилар Денис Казанский ва Александр Елагинни таклиф этдик. Хабарингиз бор, биз бу журналистлар билан 3 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз», - деди UzReport ахборот агентлиги бош директори Равшанхон Жўраев.

Тошкент шаҳри ва вилояти миқёсида агентлик телеканаллари орқали мундиалнинг барча 64 ўйини юқори аниқликда – Full HD форматида намойиш этилди. Шунингдек, томошабинга шарҳ тилини (ўзбек ёки рус тилини) танлаш имконияти тақдим қилинди. Бундай технологик ечим МДҲ мамлакатлари бўйича илк бор Ўзбекистонда жорий этилгани айтилмоқда.

ЖЧнинг 2та ўйинини бошқариб борган Равшан Эрматов мундиалдаги иштироки ҳақида гапириб, жумладан, шундай деди: «Терма жамоалар жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун қандай мураккаб саралаш йўлини босиб ўтишларига тўғри келса, ҳакамлар ҳам худди шундай қийинчиликлар билан мундиалга етиб боришади. Кўпчилик ўйлайдики, олдинги жаҳон чемпионатида яхши қатнашган ҳакам бўлса, кейингисига ҳам осонгина йўлланма олиш мумкин. Бундай эмас. Жаҳон футболида ҳакамлар орасида улкан рақобат мавжуд».

Пресс-кофе форматида ташкил этилган конференция давомида ўзбек ва рус шарҳловчилик мактаби ҳамда улар ўртасидаги алоқалар, Ўзбекистонда футбол трансляцияларининг бугунги ҳолати ва соҳа истиқболлари каби масалалар муҳокама қилинди.

Мавзуга оид