Ҳаж ибодати - ислом динининг энг муқаддас ва шарафли амалларидан бири. Ҳар бир мўмин-мусулмон ҳаж зиёратига бориш орзуси билан яшаса керак. Аллоҳ инояти билан бу муборак амални адо этганларга шу боис ҳавасимиз кучлидир.
Айни кунларда айрим юртдошларимиз, яъни бу йил муборак ҳаж зиёратига отланган фуқароларимиз ўзгача тараддудда. Улар ва бошқаларнинг ҳаж амаллари, ҳожилик мақоми, унга муносиб бўлиш ва ҳаж ибодати билан боғлиқ кўплаб саволларига жавоб бериш мақсадида Наманган шаҳрилик маънавият тарғиботчиси, «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони соҳиби Хорунхон ҳожи АЮБХОНОВ билан суҳбатлашдик.
- Муборак ҳадисларда: «Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир. Банда уч нарса: дил, тил ва бадан орқали амалга оширилган амаллар орқали савобга эришади», дейилади. Сиз ушбу ҳадиси шариф изоҳида яна қандай мулоҳазаларни билдирган бўлар эдингиз?
- Ислом дини ички ва ташқи амаллардан иборатдир. Ният ички амал ҳисобланиб, у қалб билан боғлиқ бўлади. Бу ҳадиснинг буюклиги, шаъни улуғлиги, саҳиҳлиги, фойдаси ниҳоятда кўплигини барча муҳаддислар ва уламолар таъкидлашган. Бугун улуғ сафарга тайёргарлик кўраяпмиз. Бу - гўзал ниятларимиз ижобат бўлаётганидан нишона.
Яқинда хонадонимизга икки меҳмон келди. Сўрашдик, чеҳралари очиқ, хурсандлар. Меҳмонхонадаги суҳбат чоғида улардан бири: «Ҳожи ота, эсингизда бўлса, 1996 йилда, бундан 23 йил муқаддам «Марғилон» кўчадаги Маҳдуми эшон жомеъ масжидидан ота-онамизни ҳаж сафарига кузатганмиз. Ўшанда сиз уларга ҳаж зиёрати ва амаллари ҳақида кўп тавсия ва маслаҳатларни берган эдингиз. Ота-онамиз ҳожилар бўлиб қайтишгач, сизга миннатдорчилик билдирган эдилар. Оиламиздаги ўша вақтдаги гўзал ҳолат ҳамон эсимда. Бизларга ҳам шундай улуғ муборак сафар насиб этишини сўраб, раҳматли ота-онамиздан дуо олган эдим. Алҳамдулиллоҳ, бугун ҳузурингизга сафар олдидан дуо олгани, насиҳат, маслаҳат ва тавсиялар эшитгани келдик. Отамиз то умрларининг сўнгига қадар ҳожилик мақомини эъзозлаб, унга муносиб бўлишга ҳаракат қилди. Мен ҳам улардек бўлсам дейман», - деди.
Бу гапларни эшитиб, қалбим тўлқинланди. Хурсанд бўлдим.
Кўрганингиздек, ҳаж ибодатини адо этиш учун аввало, яхши ният бўлиши керак. Бажариладиган амалларнинг тўғри бўлиши ниятга боғлиқ. Ният қилмай адо этилган амал қабул бўлмайди.
- Сафар олдидан бажариладиган амаллар ҳақида батафсил маълумот бера оласизми?
- Ҳаж сафарига отланишдан аввал ният қилинади. «Эй Аллоҳим, мен ҳаж қилишни ният қилдим, уни менга осон қил ва уни мендан қабул қил», дея эҳром боғланади, икки ракат эҳром намози ўқилади. Талбия айтиш билан эҳромга кирган бўлинади.













