Президент Шавкат Мирзиёев 18 сентябр куни Нукус шаҳридаги “Nukus Insulation Group” корхонаси фаолияти билан танишди.

Корхонада маҳаллий базалт хомашёсидан замонавий иссиқлик изоляцияси материаллари ишлаб чиқарилмоқда. Умумий қиймати 50 миллион доллар бўлган корхонага Европада ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар ўрнатилган. Улар маҳаллий хомашёдан халқаро стандартларга мос маҳсулот тайёрлаш имконини беради.

f5e6add5-a154-e5ad-53d3-35a2a6ea62d9_lists_slider_9635
Фото: Президент матбуот хизмати

Корхона йилига 300 миллиард сўмлик 50 минг тонна иссиқлик изоляцияси материаллари ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда 150 та янги иш ўрни яратилган.

Давлат раҳбари ишлаб чиқариш жараёни ва маҳсулотлар билан танишиб, корхона жамоаси билан самимий мулоқот қилди.

c062a2fc-f256-e0f8-8e8c-d36cc1671431_lists_slider_9635
Фото: Президент матбуот хизмати

Шу ернинг ўзида Қорақалпоғистон туманларига бириктирилган вилоятлар ҳокимлари ўтган даврда амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди.

Президент вилоятлар кўмагида ушбу туманларни қўллаб-қувватлаш ва ободонлаштириш ишлари кўламини янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Ҳудудлар ўртасидаги алоқалар ва ишлаб чиқариш кооперациясини мустаҳкамлаш, мавжуд имкониятлардан биргаликда фойдаланиб, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган лойиҳаларни кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.