15:04 / 30.07.2018
17606

Ирина Винер-Усмонова юбилей айёмини нишонламоқда

Россия бадиий гимнастика федерацияси президенти, Россия терма жамоаси бош мураббийи, хизмат кўрсатган мураббий Ирина Александровна Винер-Усмонова бугун ўзининг 70 йиллик юбилей айёмини нишонламоқда, деб хабар бермоқда ОАВ.

Фото: РИА "Новости"

Ирина Винер-Усмонова Самарқандда, зиёли оиласида дунёга келган. Унинг бобоси скрипкачи, отаси эса Ўзбекистон халқ рассоми, Бадиий академия аъзоси бўлган. У ёшлигидан санъатга, мусиқага меҳр қўйди, мактабдаги саҳналаштирилган томошаларда фаол иштирок этди, бир оз вақт балет билан шуғулланди.

Тақдир Иринани Ўзбекистон жисмоний тарбия институтига етаклади. Бу танлов бежиз эмасди, зеро у 11 ёшидан буён бадиий гимнастика билан шуғулланиб келар ва бу спорт турида жиддий натижаларга эришганди. У уч марта Ўзбекистон чемпиони бўлганлигини айтишнинг ўзи етарли.

Винер институтни битиргач, Тошкентдаги республика олимпия захиралари болалар ва ўсмирлар спорт мактабида мураббийлик фаолиятини бошлади. 1972 йилда бадиий гимнастика бўйича шаҳар ва Ўзбекистон терма жамоалари мураббийи этиб тайинланди. 

У йигирма йил давомида муваффақиятга эришган қатор спортчиларни тарбиялади, улар орасида беш марта СССР чемпионати ғолиби бўлган Венера Зарипова ва жамоавий машқларда жаҳон чемпиони бўлган Марина Николаевалар бор.

Сеул олимпиадасида совет бадиий гимнастикачиларининг муваффақиятларидан сўнг хорижда уларнинг мураббийларига қизиқиш пайдо бўлди, мамлакатда бошланган қайта қуриш эса мураббийларга кенг йўл очди. Шу боис 1990-йиллар бошида Винер-Усмонова Ўзбекистон жамоаси билан биргаликда британиялик гимнастикачиларга ҳам мураббийлик қилди.

У тарбиялаган спортчилар кейинроқ Россия терма жамоаси таркибида чиқишлар қила бошлашди. Улар орасида жаҳоннинг бир неча бор чемпионлари Яна Батиршина, Амина Зариповалар бор. Энг истеъдодли шогирди эса икки марта мутлақ жаҳон чемпиони, беш марта Европанинг мутлақ чемпиони бўлган Алина Кабаевадир. 2000 йилги Олимпиадада у биринчи ўринни ватандоши, Винер-Усмонованинг яна бир шогирди Юлия Барсуковага бой бериб қўйди, аммо тўрт йилдан кейин бўлиб ўтган Афинадаги ўйинларда Кабаева энг юқори ўринни олишга эришди.

Фото: РИА "Новости"

2016 йилда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида мураббийнинг яна бир шогирди Маргарита Мамун ғолибликка эришди. Кейинги икки Олимпиадада шахсий биринчиликда кумуш медалларни ҳам Винер-Усмонованинг шогирдлари қўлга киритишган.

Винер-Усмонова 2008 йилдан буён Россия бадиий гимнастика федерациясини бошқариб келади. У педагогика фанлари доктори, профессор, Россия ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий, Россияда хизмат кўрсатган жисмоний маданият ходимидир.

У шунингдек, Халқаро гимнастика федерацияси техник қўмитасининг вице-президенти ҳисобланади. 

Ирина Винер тадбиркор ва меценат Алишер Усмоновнинг турмуш ўртоғидир. Улар Тошкентда, битта спорт мактабида Алишер Усмонов қиличбозлик билан, Ирина Винер эса бадиий гимнастика билан шуғулланиб юрган пайтларида танишишган. Улар 1992 йилда турмуш қуришган.

Мавзуга оид
Top