Баъзи муаммолар ҳақида билиб турсанг ҳам ёзишга истиҳола қиласан. Арзимаган, майдалашиш зарур эмас нарсадек туюлади. Лекин аҳоли томонидан тушган мурожаат унинг жуда долзарб ва кўтариб чиқиш ўринли эканлигини кўрсатиб беради.   

Андижон вилояти маркази бўлмиш Андижон шаҳрида тўртта катта бозор бор. Булар - “Деҳқон бозори”, “Холис” бозори, “Янги бозор” (ҳозир бузилиб, ўрнига янги савдо мажмуаси қурилмоқда) ва шаҳар четидаги “Жаҳон бозори”.

Юқоридаги савдо мажмуаларининг бири фақат кийим-кечак, рўзғор буюмларига ихтисослашган бўлса, яна бирида фақат мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари сотилади.

Автомашиналардан ташқари, бошқа жуда кўп турдаги нарсалар сотиладиган, ҳудуди ҳафтанинг пайшанба ва якшанба кунлари улкан савдо майдонига айланиб, водийнинг барча бурчакларидан харидорлар лак-лак оқиб келадиган энг гавжуми эса “Жаҳон бозори”. Майдони ҳам шунга яраша.

Kun.uz таҳририятига Андижондан мурожаат келиб тушди. Унда, жумладан, шундай дейилади: “Мен водийнинг энг катта бозорларидан бири бўлган – “Андижон жаҳон бозори"даги ҳолат ҳақида ёзмоқдаман. Бозорда кўп йилардан бери ишлаб келаётган ҳожатхоналар умуман талабга жавоб бермайди. 10-15 йил олдин қурилган мазкур бинолар аллақачон ўз хизматини ўтаб бўлган. Савдо мажмуасига кўп миллионлаб тушум бўлсада, ички, ташқи йўллари таъмирталаб. Бозор ўртасидан ўтган катта ариқ атрофи ва ичи ахлатга тўла, негадир вилоят бозорлар уюшмаси, “бозорком”, шаҳар СЭС (ДСЭНМ) ходимлари бу аҳволга эътиборсиз бўлмоқда. “Жаҳон бозори”га замонавий биотуалетлар зарур. Илтимос, шу мурожаатимни ўрганиб эълон қилсангизлар. Шояд бозорга келган харидорлар учун кўнгилдагидек шароитлар яратилса...”.

Ҳақиқатда, ўринли мурожаат. Одамлар кўп тўпланадиган жойларда энг зарур, энг керакли ва энг долзарб бўлган қулайликлардан бири – ҳожатхона ва покизалик!

Биз “Жаҳон бозори”да бўлдик ва шароит билан танишдик.