Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, тезкор тадбир ДХХнинг Тошкент шаҳар ва Андижон вилояти бўйича бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган.

Тадбирда 1987 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят учун судланган фуқаро ашёвий далиллар билан ушланган. У шартли харидорга сотган қалбаки пуллар 100 ва 200 минг сўмлик сохта банкнотлардан иборат бўлган.

Тезкор тадбир давомида унинг яшаш хонадони ҳам кўздан кечирилган. У ердан қалбаки банкнотлар тайёрлашда фойдаланилган компютер, Epson русумли принтер, қоғоз кесувчи ускуналар ҳамда А4 ҳажмдаги махсус қоғозларга чоп этилган ярим тайёр 50 ва 100 минг сўмлик купюралар топилган.

Мазкур ашёлар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси томонидан фуқаро ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Унинг жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.