Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг бевосита ташаббуслари билан ҳозирги кунда 2017—2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг ҳаракатлар стратегиясидаги бир қатор йўналишларда белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш учун изчил ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи йўналишида кўрсатиб ўтилган — суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишда судларнинг мустақиллигини таъминлаш билан бир қаторда, суд жараёнларида давлат қораловчиси ва адвокатларнинг тенглигини таъминлаш бўйича ҳам давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 12 май кунги «Ўзбекистон Республикаси Суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинди.

Самарқанд шаҳрида президентимизнинг мазкур фармони ижросига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Қайд этиб ўтиш жоизки, мазкур фармонда адвокатларнинг бир қатор ваколатларини кенгайтириш ва уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатларининг изчил олдини олиш қатъиятлик билан белгилаб қўйилди.

 Албатта, мазкур фармоннинг ижросини таъминлаш бўйича ҳукуматнинг бир қатор қарорлари ва айрим қонунларга ўзгартиришлар киритиш тақозо этилмоқда. Мана шундай ўзгаришларни изчиллик билан киритиб бориш, амалиётда рўй бераётган бугунги янгиликларни миллий қонунчилигимизда мустаҳкамлаб қўйиш бўйича адвокатларимиз ўзларининг таклиф ва мулоҳазаларини бериб боришмоқда.

Бугунги кунда адвокатура институтини ислоҳ қилиш билан бир қаторда, уларга юклатилган масъулиятни ошириш, яъни малакали юристларни етиштириб бериш, юристларимизнинг билим ва маҳоратини ошириш, юридик ва жимсоний шахсларни Конституциямизда кўрсатиб қўйилган қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан кўпгина ишлар амалга оширилиши керак бўлади.

—  Бугунги кунда вилоятимизда 70 та адвокатлик тузилмаси фаолият кўрсатмоқда, — дейди KUN.UZ билан суҳбатда Адвокатлар палатаси Самарқанда вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Отабек Ахтамов. — Уларда ишлаётган 364 нафар адвокат томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида 78 та бепул юридик ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 12 мингдан зиёд юридик ёрдам кўрсатиш шартномалари тузилди, мингдан ортиқ шахсларга локал юридик ҳужжатларни тайёрлашда амалий ёрдам берилди. Бундан кейинги тарғибот тадбирларимизни ўтказишда қатор ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликка келишдик.