Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Олиб борилган тадбирлар натижасида ажрашиб яшаётган неча нафар эр-хотин яраштирилди?
Сўзлар мисоли ерга сочилган уруғ дони. Агар оғиздан чиққудай бўлса, уларни битталаб териб олиш мумкин эмас. Эл-юрт эшитганидан кейин уларни пардалаб бўлмайди. Ширин ва эзгу сўзлар оқиб турган зилол сувга ўхшайди. Зилол сув қаерга оқиб борса, у ердан анвойи чечаклар униб чиқади.
Т. Малик, “Одамийлик мулки” китоби
Бугунги аҳоли билан ўтказилаётган очиқ мулоқотлар жараёнида никоҳдан ажралиш сабабларини таҳлил қилиш асносида ўйланмай айтилган бир оғиз сўз, ибора ёки гапнинг нечоғлик оғир оқибатларга олиб келганига гувоҳи бўлдик.
Гап шундаки, фарзандларини бирга тарбиялаб, рисоладагидек яшаб келаётган эр ёки хотиндан бирининг ўйламай гапирган бир оғиз сўзи ва иккинчи томоннинг жаҳл устида қайтарган жавоби охир-оқибат оиланинг бузилишига ва фарзандлар ота ё онанинг меҳр-муҳаббати, тарбиясидан жудо бўлаётганига асло бефарқ қараб бўлмайди.
Афсуски, ҳаётда айнан шундай ҳолатлар кўплаб учраб туради. Масалан, хотини билан 20 йилга яқин умргузаронлик қилган, уч нафар фарзанднинг отаси бор-йўғи хотинини телефонда гаплашганига рашк қилиб, унга нисбатан ҳақоратли сўз айтиши, аёлнинг ҳам бунга ҳақорат билан жавоб қайтариши;
ёки ҳар иккаласи эллик ёшдан ошган, 4 фарзанднинг онаси бўлган, қизини узатган аёлнинг эри ногиронлиги сабабли ишламагани боис унга гап қайтариши, фарзандлари олдида обрўни ер билан битта қилиши эр-хотинлар ажралишига сабаб бўлган.
Ваҳоланки, ҳар икки ҳолатда эр-хотин жаҳлга берилмасдан бир-бирини тушуниб, бири-иккинчисига озгина ён бериши орқали ўртада келиб чиққан тушунмовчиликнинг олди олиши ва пировардида қўйди-чиқдигача бориб етмаслиги мумкин эди.
Бизнинг изоҳ: қайд этилган мисолдаги эр-хотинлар билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашилиб, ҳар икки тарафга хатоси нимадан иборат эканлиги тушунтирилганида, улар хатосини тан олиб ярашди.
Оилавий ажрашишларнинг сабаблари ҳақида гапирганда, яна шунга эътибор қаратиш керакки, эр-хотин ўртасидаги ўзаро муносабат ҳам бу борада баъзан ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Аниқроқ айтганда, эр ўзининг кундалик иши билан машғул бўлиб, хотинига етарли эътибор қаратмаслиги, турмуш ўртоғи, фарзандларининг онасидан биргина ширин сўзини аягани ҳам баъзан оиланинг дарз кетишига сабаб бўлади. Аҳоли билан очиқ мулоқотлар жараёнида “хотини айтганини қилмагани” туфайли ажрашиб яшаётган оила бошлиғи - икки фарзанднинг отасидан, турмуш ўртоғига охирги марта қачон яхши гап айтгани ёки бирон-бир муносабат билан совға бергани ҳақида сўраганимизда унинг хотинига умуман эътибор қаратмагани маълум бўлди.
Халқимизда “нима эксанг шуни ўрасан” ёки “меҳр кўрсатсанг-меҳр кўрасан” каби мақоллар бежиз айтилмаган. Агар оила бошлиғи - эр хотинининг зиммасига фақатгина уй юмушлари, болалар тарбиясини юклаб, бажарилишини талаб қилиб қолмасдан, жуфти-ҳалоли бўлган хотинига меҳр кўрсатса, ҳеч бўлмаганда, тайёрлаган овқатини мақтаб еса, яхши муносабатда бўлса, “хотиним айтганимни қилмайди”, деган гапларга ўрин қолмайди. Зеро, хотинни мақташ (бошқаларга эмас, ўзига) фойдали бўлиб, бу унда ўзи ва бошқаларга нисбатан ҳурмат ҳиссини ошириши табиий.
Зеро муқаддас ҳадисда ҳам “Хотинларнинг ҳақларига риоя этингиз.Улар билан меҳр-шафқат ила муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Хотинлар сизларга Парвардигорнинг омонатидир.”дейилади.
Шунинг учун оила бошлиғи — эркаклар оиласининг чироғи, фарзандларининг онаси турмуш ўртоғига меҳр-шафқатли ва эътиборли бўлиши, ҳамиша ҳурматини жойига қўйиши оиладаги соғлом муҳитни таъминлашнинг муҳим шартидир.
“Яхши келин уйдаги гапни кўчага чиқармайди”, деб бежизга айтилмайди. Чунки ҳар бир оиланинг ўзига тегишли сир-асрорлари бўлади. Бу сирларни оила аъзолардан кимдир ошкор қилиши табиийки, оилавий ҳамжиҳатликка путур етказади. Ушбу насиҳатга амал қилмаслик, уйдаги гапни, яъни келинларнинг ўзи билан эри ёки қайнона ва қайнотаси ўртасидаги арзимас гапларни ўз ота-онасига етказиши натижасида келин ота-онасининг куёв оиласига аралашиши, икки томон оила аъзолари муносабатларининг ёмонлашуви, ўртада иззат-ҳурмат йўқолиши ва охир-оқибат келин ва куёвнинг ажралишига сабаб бўлаётган ҳолатлар ҳам мавжуд.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун аввало ҳар бир ота-она қизини оилавий ҳаётга тайёрлашга жиддий эътибор қаратиши, турмушга чиққан қизининг майда-чуйда гапларни айтишига мутлақо йўл қўймаслиги лозим.
Оиланинг жамият ҳаётидаги тенгсиз ўрнини эътиборга олиб, ўрта, ўрта-махсус ва олий таълим муассасаларида таълим олаётган йигит-қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида тизимли ишларни йўлга қўйиш талаб этилади.
Очиқ мулоқотлар жараёнида низодаги эр ва хотинлар билан суҳбатда яна бир ҳолат киши эътиборини тортди. Яъни эр-хотин ярашиб, оиласини тиклашга рози эканлигини, лекин афсуски, бунинг айни дамда иложи йўқлиги, эр шариат бўйича хотинига “талоқ” айтганини билдиришмоқда. Бунинг сабабини суриштирганимизда эр жаҳл устида айтиб юборгани ва энди афсусда эканлигини айтади.
Умуман айтганда, бугун оила қураётган ёшларнинг шаръий никоҳ ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиши ҳам оиланинг мустақиллигини таъминлайди.
Эркаклар аёлларидан амалда устунлигини “талоқ қўйиш” орқали эмас, балки оиласи бахтли яшаши ўзига боғлиқ ва бунга масъул эканлигини унутмаган ҳолда, оила аъзоларига ҳурмат билан қараб, уларни эъзозлаши, ҳар қандай масалада жаҳлга йўл бермасдан фарзандлари тақдири-келажагини, узоқни ўйлаб оғир босиқлик билан иш тутиши орқали намоён қилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Яъни оила бошлиғи — эркаклар оилавий масалаларда сабрли бўлиши, ҳеч қачон жаҳл устида, ошиғич қарорлар қабул қилмасликлари ҳам юқоридаги каби кўплаб нохуш ҳолатларнинг олдини олади.
Бобомиз Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” номли рисолаларида қайд этганларидек, нафсини сабр ила ром қилган киши ҳар ишда ошиқмай, оҳиста ҳаракат қилур. Нафсини ҳалокатдан, ғурурдан сақлар. Сабр шундай бир кучли нарсадурки, шаҳватни иффатга, ғазабни шижоатга, шиддатни ҳилмга, катталикни тавозуъга, ёмонликни яхшиликка айлантирмоққа қуввати етар.
Ҳаётда, ўзаро мулоқотларда шундай қизиқ бир ҳолат кўзга ташланади. Бирон-бир масалада келишмай қолган фуқаролар ёки айтишиб, аразлашиб қолган эр-хотин бир-бирига аччиқ қилиб ўзаро гаплашмай қўядилар. Ёки гаплашса ҳам бир-бирини айблаш ёки ҳақоратлашдан тийилмайдилар.
Фикримизча, бу тўғри эмас, келишмай ёхуд аразлашиб қолганлар бир-бирини тушуниб олиши учун ҳам гаплашиши, бир-бирини тинглай билиши лозим. Агар ўзаро гаплаша олмасалар, ҳар иккала томон вакиллари гаплашиб, уларнинг орасини ислоҳ қилиши лозим ва бу албатта, ўз натижасини бериши табиий.
Буни Олий суд ва Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида алоҳида режа асосида Республика бўйича олиб борилган тадбирлар натижасида 500 нафардан зиёд ажрашиб яшаётган эр-хотинларни яраштиришга, 100 дан зиёд хотин-қизлар, вояга етмаган фарзандлар муаммоси билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этишга муваффақ бўлингани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Шу ўринда эр-хотинларни яраштиришда, ота-оналарга уларнинг ажралиши фарзандларининг келажагига, бахт-у иқболига салбий таъсир этишини, яъни ота-онанинг ажрашиб кетиши билан уларнинг фарзандларининг ҳам ҳаёти издан чиқишини уқтириш ҳамда ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи, масъулияти масаласини тушунтириш ҳам яхши самара беришини қайд этиш жоиз.
Бунда юқорида қайд этилган, “Меҳр кўрсатсанг- меҳр кўрасан”, деган халқ мақолининг моҳиятини, яъни бугун фарзанд тақдирига бефарқ қараб, ажрашиб кетган, фарзандини ўз меҳридан жудо қилган ота-оналар эртага кексайганда, эътибор ва қадрга, мурувват ва ёрдамга муҳтож бўлган пайтда фарзандларидан бундай меҳр-оқибат топмаслиги ҳам ҳаётий ҳақиқат эканлигини тушунтириш мақсадга мувофиқ.
Бугун жамиятимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш борасида жуда катта ва кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган асосий масала ҳам бугун жамиятимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтириш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоялаш ҳамда оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш орқали ҳар бир инсоннинг бахтли ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилгандир.
Хулоса ўрнида қайд этиш лозимки, жамиятимиз келажаги оилалар барқарорлигига, хусусан ҳар қандай дунёга келган фарзанднинг ўз ота-онаси бағрида, уларнинг меҳрини олиб, тарбия топишига боғлиқ эканлиги боис, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ажралишларнинг олдини олиш масаласи давлат билан бир қаторда кенг жамоатчиликнинг ҳам доимий эътиборида бўлиши лозим.
Холмўмин Ёдгоров,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари