​Ижтимоий тармоқларда Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаеванинг Фарғона вилоятида юз берган мудҳиш воқеа юзасидан муносабати катта муҳокамага сабаб бўлмоқда.

Фото: ЎзА

Унда айтилишича, Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйи мансабдор шахсларига нисбатан чиқарилган ҳукм билан судланган шахсларга нисбатан енгил жазо тайинланган. Kun.uz мухбири масалага ойдинлик киритиш мақсадида Жиноят ишлар бўйича Фарғона вилояти судининг судьяси Раҳматжон Арапов билан суҳбатлашди.

«Албатта, жиноят қилган шахсга жазо муқаррар.

Суд Марғилон шаҳар 1-сонли Меҳрибонлик уйи директори лавозимида ишлаган Камол Якубовни ЖК 207-моддасининг 1-қисми, 115-моддасининг 1-қисми, 167-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 209-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топиб, унга нисбатан жиноятлар мажмуи тариқасида 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилади.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Жиноят кодекси 207-моддасининг (мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисмида кўрсатилган жиноят учун, ушбу модда санкциясида, энг юқори жазо 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари этиб белгиланган.

Кодексда 115-модданинг (аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш) 1-қисмида 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 209-модданинг (мансаб сохтакорлиги) 1-қисмида 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши назарда тутилган.

Шунингдек, ЎзР ЖК 167-моддасининг (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши кўрсатилган», - дейди судья.

Қонунда судланувчи гарчи кодекснинг 167 моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилган бўлса-да, модданинг  4-қисмида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди, деб кўрсатилган.

Албатта, суд жараёнида ўринли савол туғилди - масъул тарбиячилар, директор, шундай ҳолатни юзага келишида ишига совуққонлик билан муносабатда бўлган ходимларга нисбатан тегишли чоралар кўриляпти, аммо туман ва вилоятдаги мутасаддилар бу ҳолдан хабардор эмасмиди?