Ўзбекистонни ривожлантиришнинг замонавий босқичида кенг кўламли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, давлат бошқарувининг мутлақо янги ва самарали тизимини яратиш Адлия вазирлигининг асосий мақсадларидан бирига айланди.

Президентнинг 2018 йил 13 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, вазирлик тузилмасида Давлат бошқаруви тизими самарадорлигини таҳлил қилиш бошқармаси ташкил этилди.

Унинг асосий вазифаси — соҳада тегишли ислоҳотларни амалга ошириш бўйича асосли таклифлар ишлаб чиққан ҳолда, давлат бошқаруви тизими самарадорлигини комплекс ва танқидий таҳлил этиш ҳисобланади.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси фаолиятини ўрганиш орқали йўл хўжалигида давлат бошқаруви тизими самарадорлиги таҳлил этилди. Таҳлил натижалари Маъмурий ислоҳотлар концепцияси, амалдаги қонунчиликка зид бўлган ҳамда тармоқни жадал ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган изчил камчилик ва муаммолар мавжудлигини кўрсатди.

Хусусан, автомобиль йўллари давлат қўмитаси республикамизда йўл хўжалиги соҳасида ягона техник сиёсат юритувчи давлат бошқарув органи ҳисобланади ва айни пайтда автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга оширади. Қўмитада ишлаб чиқариш жараёнлари концентрациялашган.

Таъкидлаш жоизки, давлат тартибот ва хўжалик фунцияларининг бирлашуви ҳамда битта органда буюртмачи, пудратчи ва назоратчи ваколатларининг концентрацияси мазкур соҳада рақобатнинг бутунлай чеклангани белгиси ҳисобланади ва йўл тармоғини ривожлантиришга тўсқинлик қилади.

Масалан, 2017 йилдан то жорий йилнинг I ярим йиллигига қадар йўл хўжалиги соҳасида 70дан ортиқ йўл-қурилиши ташкилотларига қараганда, кўпроқ салоҳиятга эга бўлишиги қарамай, автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича хусусий ташкилотлар билан бирорта ҳам шартнома имзоланмаган.

Бундан ташқари, йўл хўжалиги тармоғининг лойиҳа эҳтиёжлари «Йўл лойиҳа бюроси» МЧЖ давлат лойиҳа ташкилоти имкониятларидан сезиларли даражада ошган. Бунинг натижасида, давлат дастурлари ҳамда Раҳбарият ва Ҳукумат топшириқларида белгиланган ишларни бажаришда кўплаб асоссиз кечикишлар юзага келмоқда. «Йўл лойиҳа бюроси» МЧЖ томонидан 2017-2018 йилларда 81 келишувдан 26тасидаги келишув (умумий миқдорнинг 32 фоизи) мажбуриятларини бажармаслиги натижасида, хусусий лойиҳа ташкилотлари билан битим тузилган.