Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида” 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишлари талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендиялари, номли Давлат стипендиялари ва уларни тайинлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланиши мумкин.

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарорининг 3-иловаси ўз кучини йўқотган деб топилади.

Низомга кўра, олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишлари талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари давлат олий таълим муассасаларида бутун ўқиши давомида фақат аъло баҳоларга ўқиётган охирги курс Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган талабаларга тайинланади.

Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий ва Ислом Каримов номидаги давлат стипендиялари (кейинги ўринларда — номли давлат стипендиялари деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат бўйича ўқиётган охирги икки курс Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган талабаларга тайинланади.

Келгуси ўқув йили учун Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиялари ва номли давлат стипендиялари сони жорий ўқув йили охирида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тақдимномасига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасалари бўйича номли давлат стипендияларини тақсимлашни таълим ихтисосига ва талабалар сонига мувофиқ амалга оширади.

Стипендияларни тайинлаш учун қуйидаги мезонларни бажариш белгиланади:

аъло ўқиш ва илмий (ижодий) ишларда иштирок этиш;

камида иккита эълон қилинган ишлар (асарлар)нинг мавжудлиги;

тилларни — давлат тилини ва битта хорижий (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари давлат тилларидан ташқари) тилни билиш, бакалавриатдаги таълим йўналиши хорижий тил ҳисобланган алоҳида ҳолларда қўшимча равишда яна битта хорижий тилни билиш талаб қилинади;