Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида бўлиб ўтаётган XVIII ёзги Осиё ўйинларининг 31 август кунидан ўрин олган мусобақаларида ўзбекистонлик 22 нафар спортчи яккалик ва жамоа ҳолда 7 спорт тури бўйича баҳсларда қатнашишди.
Ўйинларнинг ўн учинчи кунида Ўзбекистон вакиллари олтин олишолмади ва 4 медал билан кифояланишди.
Байдарка ва каноэда эшкак эшиш
200 метр масофага баҳсларнинг саралашида стартга чиққан Дилноза Раҳматова ўз гуруҳида энг яхши натижани (50.860) қайд этди ва тўғридан-тўғри финалга йўл олди.
Ольга Умаралиева 200 метр (К1) масофага бўлган баҳсларда қатнашди ва ўз гуруҳида учинчи натижани (43.791) қайд этиб, финалга чиқди.
200 метрга жуфтлик баҳсларида иштирок этган Артур Гулиев/Элёржон Мамадалиев тандеми ўз гуруҳида энг яхши натижани (38.084) кўрсатди ва финалга йўл олди.
Эшкак эшиш баҳсларида финаллар эртага ўтказилади. Бугун саралаш баҳсларида эшкак эшувчиларнинг барчаси финалга йўл олишди.
Самбо
Осиё ўйинларида Ўзбекистон самбо жамоаси икки медал олди.

Ўзбекистон жамоасининг -48 кг вазн тоифасида турнирга ташриф буюрган вакиллари Нодира Гулова ҳамда Мадина Турғунбоева бронза медал учун ўзаро гиламга чиқди. Икки ўзбекистонлик спортчи ўртасидаги баҳсда Нодира Гулованинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси қайд этилди ва у Осиё ўйинлари бронза медали совриндорига айланди.
-52 вазн тоифасидаги Аҳмад Раҳматуллоев эса бронза учун тожикистонлик Жоми Ҳасаний билан курашди ва 2:0 ҳисобидаги ғалабага эришиб, Осиё ўйинлари совриндорига айланди.

Ўзбекистон шарафини -52 кг вазн тоифасида ҳимоя қилган яна бир самбочи Ислом Аҳмеджанов эса бронза медал учун қозоғистонлик Беймбет Канжанов билан беллашди ва 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди.
Триатлон
Ўзбекистон вакили Алина Ҳакимова ўз иштирокини якунлай олмади - у финалга қадар етиб бора олмади.
























