Мьянмадаги суд Reuters ахборот агентлигининг икки нафар журналистини етти йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Журналистлар роҳингя миллий озчилик вакилларининг аҳволини ёритишган. Улар ноқонуний равишда яширин маълумот олишда айбдор деб топилди. Хусусан, суднинг фикрига кўра, агентлик ходимлари Мьянмада роҳингя мусулмонлари билан алоқадор ҳодисаларни ёритишда давлат сирлари ҳақидаги қонунни бузганлар. Прокурорлар маълумотига кўра, мухбирлар махфий давлат ҳужжатларини ўзлаштирган.
Қамоқ жазосига ҳукм этилган 32 ёшли Ва Лон ва 28 ёшли Сое Оо Мьянма фуқаролари саналади. Журналистлар 2017 йилнинг декабрь ойида қўлга олинган. Reuters бош муҳаррири Стивен Адлер буни «бутун дунёда матбуот учун ачинарли кун», деб атади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мусулмонлар геноцидида айбланган Мьянма ҳарбийлари «ВКонтакте»дан «бошпана» топгани маълум қилинганди.















