14:51 / 18.09.2018
11616

Хайрия: Шаҳлога зудлик билан эндопротез қўйилиши керак!

Хайр-саховат. Ёрдамга муҳтож инсонга эҳсон қўлини чўзиш. Жилла қурса, дуоларда эслаб қўйиш ва танимаган бир ватандошинг, қўшнинг, ҳамюртингни қийнаб келаётган муаммони ҳал этишда яқиндан ёки ғайбдан имкониятинг даражасида кўмак бериш. Бу ҳам бир бахт. Бу ҳам бир саодат. Бу бахт-саодат эса, ҳаммага ҳам насиб этавермайди. 

Kun.Uz таҳририяти айни юқоридаги инсонийликнинг буюк намунасини ўзига шиор қилиб олган ҳолда Ўзбекистондаги ёрдамга, эҳсонга, ширин сўзга муҳтож юртдошларимизнинг оғирини енгил қилиш, дардига шерик бўлиш ва бу борада бошқа ватандошларимизни ҳам савобли ишга ҳисса қўшишларига сабабчи бўлишни мақсад қилган. 

Таҳририят шошилинч даволанишга муҳтож шундай ҳамюртларимиздан бирининг мурожаатига “лаббай”, деб жавоб берди. Мухбирлар гуруҳи Сирдарё вилояти, Янгиер шаҳри, Заҳириддин Муҳаммад Бобур маҳалласида истиқомат қилувчи Шаҳло Холматова оиласига ташриф буюрди. 

Маълум бўлишича, 1991 йилда таваллуд топган Шаҳло туғма чап сон чиқишидан азият чеккан. Натижада чап оёғи ҳозирда ўнг оёғидан 5 сантиметр калта бўлиб қолган. Болалигида унчалик ҳам сезилмаган дард Шаҳлонинг ёши катта бўлгани сари ўнг оёққа оғирлик тушиши натижасида ўзининг салбий оқибатини кўрсата бошлаган ва бугунга келиб “ўнг томонлама диспластик коксартроз Ⅲ-даражаси”дан азият чекмоқда. Республика Травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот институти клиникасида даволанганида, бош врач Шавкат Мирзаев ўнг оёққа эндопротез қўйиш кераклигини, бу қанчалик тез амалга оширилса, шунча яхши экани, кейинчалик чап сон суягига ҳам оёқни узайтириш мақсадида эндопротез қўйиш даркорлигини таъкидлаган. 

Шаҳлонинг айтишича, икки оёғини даволатиш учун 50 млн сўм атрофида маблағ талаб этилади, бироқ оиланинг молиявий аҳволи бунга имкон бермайди. 9 ёшида отаси ташлаб кетган ва оилада кенжа қиз бўлган, Ⅱ-гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, шаҳардаги боғчада мусиқа раҳбари сифатида ишлаётган Шаҳло саховатпеша ҳамюртларига мурожаат қилиб, шу маблағни тўплашда кўмак беришларини, шу билан дардидан фориғ бўлишни, барча сингари турмуш кечиришга ҳисса қўшишларини илтимос қилиб сўради. 

Азиз, хайр-саховатли ватандошлар, хабарингиз бор, биз БАРЧАМИЗ биргаликда кўплаб дардманд ҳамюртларимиз шифо топишига ҳисса қўшдик. Савобли ишнинг эса, катта-кичиги бўлмайди. Шундай экан, келинг, бу сафар ҳам умид ва ишонч билан бизга-юртдошларига мурожаат қилган Шаҳлонинг умидини сўндирмайлик, имконимиз даражасида ёрдам берайлик! Узрлиларимиз дуоларида ёдга олиб, Аллоҳдан шифои комил сўраб дуо қилишса, Шаҳлога жуда катта маънавий ёрдам берган бўлишади. 

Хайрия қилмоқчи бўлганлар учун:
Шаҳло Холматова (994 716 056)
PAYME, CLICK Agrobank АТБ Янгиер шаҳар филиали
Банк карточка рақами: 8600 0423 6536 2408
МФО: 00378
ИНН: 200 331 065
Ҳисоб рақами: 2312 0000 8000 0037 8001
Нақд пул топширганда: 23116000300000378001
Картадан картага пул ўтказганда: 23118000100000378001

Толиб Раҳматов тайёрлади

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top