17:05 / 22.09.2018
12688

Можароли йўл воқеаси. Ҳокимлик таъмирлаш ишлари қачон бошланишини маълум қилди

KUN.UZ сайтида Шайхонтоҳур туманидаги «Янги Белтепа» маҳалласида туман раҳбариятининг расмий ваъдасидан кейин ҳам маҳалладаги йўлни таъмирлаш ишлари бажарилмагани ҳақида мақола эълон қилинди.

Мақолада Шайхонтоҳур тумани «Янги Белтепа» маҳалласида жойлашган 24 та кўп қаватли уйлардаги 72 та хонадонга хизмат қилиб келаётган йўл ҳалигача таъмирланмай келаётганлиги ҳақида сўз боради. Мазкур кўп қаватли уйларнинг олдидаги йўл «Обод маҳалла» дастурига тушганлиги боис 2018 йил 26 июнда 3 кун ичида қайта қуриб берамиз деган ваъда билан бузиш бошланган, лекин ҳалигача қурилиш бошланмаган. Бундан буёғи ёғингарчилик мавсуми келаётганини ҳисобга олсак, бу тупроқ йўллар ёмғирда лойга айланиши маълум. Бу эса мазкур кўп қаватли уйдагилар учун яна бир қатор муаммоларни келтириб чиқариши тайин. Туман ҳокимининг Капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Акромхон Нажмиддинов «Янги Белтепа» маҳалласи «Обод маҳалла» дастурига тушганлиги, ҳамма нарса тайёрлиги ва йўлни таъмирлаш ишлари 19 сентябрь куни бошланишига ваъда берганди. Биз ҳам ушбу ваъдага ишонган ҳолда маҳалла фуқароларига йўл қурилиши 19 сентябрь чоршанба куни бошланиши хабарини мамнуният билан етказган эдик. Лекин ҳалигача қурилиш бошланмади.

Фото: KUN.UZ

Мақола эълон қилингандан сўнг ҳокимлик матбуот хизмати KUN.UZ таҳририятига туманда олиб борилаётган иш ҳажми катталиги сабабли йўл ўз муддатида асфальт қилинмаганлигини билдирди. Ҳокимликнинг маълум қилишича, мазкур маҳалладаги йўл 28 сентябрь кунига таъмирдан чиқарилади.

Ҳокимлик матбуот хизмати бу борада олиб борилган ишларни ўз вақтида ёритишини билдириб ўтди.

Давлат идоралари бугун халққа хизмат қилиши керак. Халқнинг ишончини оқлаши керак. Ўйлаймизки, туман ҳокимияти бундан буёғига белгиланган ишларни ўз вақтида бажаради ва ваъда қилинган кунда тупроққа айланган йўлни таъмирлаб беради.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Раҳматилло Исроилов

Top