«Нима дард?» подкастининг навбатдаги меҳмони, йўл қурилиши бўйича мутахассис Зиёдулла Баҳромов Ўзбекистон йўлларининг асосий муаммолари, эски меъёрлар, қурилиш маданияти, янги технологиялар ва йўлларни қайта-қайта таъмирлаш ўрнига уларнинг хизмат муддатини узайтириш имкониятлари ҳақида гапирди.

Йўл — фақат асфалт эмас

Одатда йўлнинг сифати ҳақида гап кетганда, одамлар унинг кўзга кўринадиган қисми — асфальт қопламасига қарайди. Йўл текис бўлса — яхши, чуқур ёки тўлқинлар пайдо бўлса — сифатсиз қурилган, деган хулосага келинади.

Зиёдулла Баҳромовга кўра, аслида йўл анча мураккаб муҳандислик иншооти. У тупроқдан бошланиб, бир нечта асос ва қоплама қатламларидан ташкил топади. Шунинг учун юқори қатламни янгилашнинг ўзи муаммони ҳал қилмаслиги мумкин.

«Агар йўл асосини тўғри танласак, устки қатламини тўғрилаб қўйиш мумкин. Агар асос нотўғри танланган бўлса, устини тўғрилаб қўйсак, ўзимизни ўзимиз алдаган бўламиз. Маълум вақтдан кейин у барибир бузилади», — дейди мутахассис.

Унинг тушунтиришича, светофорлар яқинида асфальтнинг тўлқинсимон бўлиб қолиши ёки йўлда бўйлама ва кўндаланг деформациялар пайдо бўлиши ҳам фақат устки қоплама билан боғлиқ эмас.

Шу сабабли ҳар бир йўлга бир хил, тайёр қолип асосида ёндашиш нотўғри. Йўлнинг вазифаси, ундан ўтадиган транспорт интенсивлиги, оғир юк машиналари сони, тупроқ ва иқлим шароити ҳисобга олиниши керак.

Битта юк машинасининг таъсири минглаб енгил машиналарга тенг бўлиши мумкин

Ўзбекистон иқтисодиёти ўсгани сари транспорт ҳаракати ҳам кўпаймоқда. Ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши хомашё ва товарларни ташиш, одамларнинг ҳаракатланиши ва оғир юк транспортларининг қатнови кўпайишини англатади.

Баҳромовнинг таъкидлашича, инфратузилмадаги ўзгаришлар иқтисодиётдаги ўсиш суръатига ҳамиша ҳам етиб бормаяпти.

Бу ерда оғир транспорт алоҳида аҳамиятга эга. Мутахассис суҳбатда битта катта юк машинасининг йўлга туширадиган юки жуда кўп енгил автомобиллар таъсирига тенг келиши мумкинлигини таъкидлайди.

Шунинг учун йўлни фақат бугунги транспорт оқими учун эмас, келажакдаги юклама ва иқтисодий ўсишни ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаш муҳим.