Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилувчи Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг энг муҳим йўналишларидан бири болалар ва ёшлар ўртасида спорт турларини кенг оммалаштириш ҳисобланади. Айниқса, имконияти чекланган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар учун ташкил этилаётган спорт мусобақалари бўлажак жаҳон чемпионларининг етишиб чиқиши учун асос бўлмоқда.  

Жорий йилнинг 29 сентябрь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда “Мўъжизалар даври” кўнгилли ёшлар жамоаси томонидан бир қатор ташкилотлар ҳомийлигида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган махсус мактаб интернатлари ва меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари учун “Ашхобод” сайилгоҳи спорт майдончасида хайрия спорт тадбири ташкил этилди. 7 та махсус мактаб интернати тарбияланувчиларидан ташкил топган жамоалар ўртасида ўтказилган футбол турнирида жами 450 нафар ёшлар иштирок этишди. 

Хайрия спорт тадбири давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда “Локомотив” футбол жамоаси футболчилари иштирокида бўлажак чемпионлар учун маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди.  

Шунингдек, болажонлар учун фокусчи ва аниматорлар томонидан тайёрланган ажойиб чиқишлар ва турли маданий тадбирлар ҳам лойиҳанинг янада мароқли ўтишига хизмат қилди.