АҚШдаги сайлов натижалари электоратнинг Трамп фаолиятидан норозилигини бевосита кўрсатмоқда. Бу ҳақда The Guardian нашри ёзди.

Нашрнинг таъкидлашича, энди демократлар президент ва унинг маъмурияти аъзолари фаолиятини тергов қилиш, шунингдек, Республикачилар партиясидан судьялар тайинланишига тўсқинлик қилиш имкониятига эга бўлади. Натижаларнинг нақадар аянчли бўлгани эса аллақачон Трампни демократлар ғалабасини тан олишга мажбур қилди. Гарчи АҚШ президенти микрофон олдида баландпарвоз баёнотлар бериб ва ижтимоий тармоқларда катта ҳарфлар билан ёзиб, бу натижалардан шикоят қилишда давом этиши мумкин бўлса-да, бунинг бирор нарсага таъсир кўрсатиши даргумон.

Унинг президентлик муддатининг кейинги икки йили аввалгиларига умуман ўхшамайдиган бўлади, деб ҳисоблайди нашр. Иккинчи президентлик муддатининг дастлабки ойларида Трамп Америкада авторитар режимни мустаҳкамлаш учун қўлидан келган барча ишни қилди. У федерал бюрократияни «тозалаб», у ерга ўзининг содиқ одамлари ва «лаёқатсиз малайларини» ўтқазди. У Конгрессдан молия устидан назоратни тортиб олди. Нашрнинг фикрича, дастлабки икки йил давомида Трамп одамларни ўзига бўйсундириш учун барча чораларни кўришга уринган. Бироқ сайлов натижалари у бунинг уддасидан чиқа олмаганини кўрсатди.

Трамп 2027 йилга ўзига душман кайфиятдаги Конгресс, маъқуллаш рейтингининг кескин пасайиши ва ваколат муддатининг чеклови билан кириб боради. Бундан ташқари, Трампни Эрондаги уруш фонида юзага келган бўлиниш сабабли ўз партиясида ҳам қийинчиликлар кутмоқда. Республикачиларнинг бир қисми эса ўз келажагини мустаҳкамлашга уриниб, унга қарши бош кўтара бошлайди, деб ҳисоблайди нашр.

«Трампнинг кучи доимо унинг республикачилар электорати устидан гўёки чексиздек кўринган ҳокимиятига асосланган эди. Унинг харизмаси сайловчиларни унинг ортидан исталган жойга эргашишга мажбур қила олишида эди. Сешанба оқшомида демократлар эришган ғалабалардан хулоса қиладиган бўлсак, одамлар энди унинг ортидан эргашмаяпти», – деб хулоса қилди нашр.

Аввалроқ Sky News нашри АҚШдаги сайлов натижалари нимани англатишини тушунтириб беришга уринган эди. Хусусан, республикачиларнинг сайловдаги мағлубияти Трампни халқаро майдонда янада фаолроқ ҳаракат қилишга ундаши мумкин. Нашрнинг фикрича, кўпроқ тинчлик битимлари тузишга интилиш, шунингдек, дунё диктаторлари билан учрашувлардан ташқари, Трамп Эрон билан урушни кучайтириши ёки ҳатто янги можароларни бошлаши мумкин.