Буюк Британия қироли Чарлз III Ҳамдўстлик саммитининг очилишидаги нутқида, кутилганидек, Британиянинг трансатлантик қул савдосидаги иштироки учун узр сўрамади, бироқ ўтмишнинг бу ҳодисасини «қалбини чуқур қайғуга тўлдирувчи» тарихнинг шармандали саҳифаси деб атади.

Ҳамдўстлик мамлакатлари ҳукумат раҳбарларининг Кариб денгизидаги Антигуа ва Барбуда орол давлатида бўлиб ўтадиган учрашуви олдидан Британияда айримлар қиролни қул савдоси учун расман узр сўрашга чақирган эди, аммо Букингем саройи расмий узр сўралмаслигини олдиндан маълум қилди.

Саммитда иштирок этаётган Буюк Британия Бош вазири Энди Бёрнем аввалроқ расмий узр сўраш эҳтимолини истисно қилмаслигини, бироқ товон тўлаш ҳақидаги талабларни асосли деб ҳисобламаслигини билдирган эди.

Қирол Чарлз ўз нутқида ўтган асрлардаги трансатлантик қул савдоси қурбонларининг тақдири уни қанчалик чуқур қайғуга солишини таъкидлашга ҳаракат қилди.

«Қулга айлантирилган одамларнинг трансатлантик савдоси ҳамон ушбу ороллар ва Ҳамдўстликнинг бошқа аъзолари устига соя солиб турибди. Аввал айтганимдек, тарихнинг бу шармандали боби юрагимни даҳшатга, қалбимни эса чексиз қайғуга тўлдиради», — деди қирол.

«Бизга тарихни танлаш ёки ўзгартириш имкони берилмаган, — деб сўзида давом этди у. — У биз танишимиз мумкин бўлмаган аждодларимиздан ўзининг барча мураккабликлари билан бизга мерос бўлиб қолган. Ушбу меросимиз уларнинг ютуқларини ҳам, хатоларини ҳам, эзгу ишларини ва улар содир этган адолатсизликларни ҳам ўз ичига олади».

Қироллик жуфтлиги Кариб денгизи мамлакатлари бўйлаб сафар доирасида Ҳамдўстлик саммитига ташриф буюрди ва Чарлз III ушбу сафарнинг барча босқичларида қул савдоси мавзусига тўхталиб ўтмоқда.

Ушбу сафарнинг илк манзили бўлган Баҳама оролларида қирол Чарлз ўз нутқида қулларнинг азоб-уқубатлари ҳақида гапирди, сўнгра Гаянада қуллар иш ташлашининг шафқатсизларча бостирилиши қурбонлари хотирасига ўрнатилган ёдгорликни зиёрат қилди.

Миллатлар ҳамдўстлиги — аксарияти Африка, Осиё ва Кариб ҳавзасида жойлашган 56 та мустақил давлат бирлашмасидир. Уларнинг барчаси бўлмаса-да, кўпчилиги ўтмишда Британия мустамлакаси бўлган. Британия монархи Буюк Британиядан ташқари Ҳамдўстликнинг 14 та мамлакатида ҳамон давлат раҳбари ҳисобланади.

Ҳамдўстлик мамлакатлари ҳукумат раҳбарларининг учрашуви ҳар икки йилда бир марта, ҳар сафар янги мамлакатда ўтказилади.