Шу кунларда Мексика ҳукумати порт шаҳар ва туристик марказ бўлган Акапулькода кескин чораларга ўтди. У ерда жиноят олами билан алоқадорликда гумонланган бутун маҳаллий полиция қуролсизлантирилди. Бир нечта офицер ҳибсга олинди. Ходимлар текширувдан ўтади. Уларнинг вазифасини эса ҳозирча штат полицияси ва ҳарбийлар бажариб турадиган бўлди.
Бундай ҳолат биринчи бор юз бериши эмас. Кейинги бир неча йил ичида Герреро штатида бундай ҳолат бир неча шаҳарларда содир бўлди. Штат пойтахти Чильпасингода ўсмирларни ўғирлаш ва ўлдиришда гумон қилиниб барча полициячилар ишдан бўшатилди. Яна бир шаҳарда сохта полициячилар аниқланди – улар бўлимларда ишлаган, полиция либосида юришган, қуролли бўлган, аммо полицияда расман қайд этилмаган.
Полициянинг жиноят олами билан алоқадорлиги нафақат Мексикада, балки минтақанинг бошқа мамлакатларида ҳам кенг тарқалган муаммодир. Маошнинг пастлиги ва криминал гуруҳларнинг таъсири (агарда пора иш бермаса, таҳдидларга ўтилади) коррупция учун шароит яратади.
Бир неча йил аввал Герреро штатида 40дан ортиқ талаба йўқолиб қолди – суриштирувлардан маълум бўлишича, улар полиция томонидан ўғирланиб, жиноий тўдалардан бирига топширилган ва ўлдирилган. Яна бир тахминга кўра, уларни адашиб рақобатчи гуруҳ аъзолари деб ўйлашган. Бошқа тахминга кўра эса, улар талабалар намойишининг олдини олиш учун маҳаллий мэр буйруғи билан ўлдирилган.
Акапулько қотилликлар энг юқори даражадаги шаҳар ҳисобланади (ўтган йили 100 минг кишига 107 қотиллик тўғри келган), матбуот шаҳарни «Мексиканинг қотилликлар бўйича пойтахти» деб атаган. Бу ерда жиноий гуруҳлар наркотрафикни назорат қилиш учун кураш олиб боришади. Гуруҳлар ҳаттоки руҳонийлардан ҳам йиғим ундиришади.
Вазият
Лотин Америкасида дунё аҳолисининг 8%га яқини истиқомат қилади. БМТ маълумотларига кўра, жаҳонда содир этиладиган қотилликларнинг қарийб учдан бир қисми ушбу минтақага тўғри келади. Биргина Бразилияда 2016 йилда 60 мингдан ортиқ ана шундай жиноятлар қайд этилган (Хитойда 8,5 мингга яқин, бутун Европа Иттифоқида эса 5 мингга яқин). Қотиллик даражаси кейинги ўн йилликларда ўсган. 2000 йилдан 2017 йилгача минтақада 2,5 млнга яқин киши ўлдирилган – бу шу давр ичида Афғонистон, Сурия ва Ироқдаги ҳарбий тўқнашувларда ҳалок бўлганлар сонидан кўп.
Бунинг сабаблари маълум - халқаро наркотрафик, картеллар уруши, полиция ва судларнинг самарасизлиги, қуролга эришишнинг осонлиги. Бошқа сабаблар сифатида бандлик билан мувофиқ келмайдиган тезкор урбанизация ва юқори даражадаги иқтисодий тенгсизликни келтириб ўтиш мумкин.















