Якунланган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Ўзбекистон армиясида – замонавий қирувчи самолётлар

Ўзбекистон илк марта Хитойдан олинган янги авлод қирувчи самолётларини намойиш қилди. Мудофаа вазирлиги 30 август куни эълон қилган қисқа видеолавҳада Хитойда ишлаб чиқарилган Chengdu J-10CE русумли қирувчи самолётларни кўриш мумкин. Кадрлардан бирида янги учоқлар сони олтита экани кўринади. Вазирлик шов-шувли харид тафсилотларига аниқлик киритмади. Аввалроқ Ўзбекистон бу самолётлардан 24 тасига буюртма бергани, ўзбек учувчилари Хитойда қайта тайёргарликдан ўтаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Таҳлилчиларга кўра, 4+ авлодига мансуб бу қирувчилар Ўзбекистон армиясини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади. J-10CE – бир ўриндиқли, бир двигателли, кўп вазифали учоқ бўлиб, максимал тезлиги – 1,8 Mach атрофида. Фаол фазали антеннага эга радар (AESA) билан жиҳозланган самолёт бир вақтнинг ўзида бир нечта нишонни кузатиш ва уларга зарба бериш имкониятига эга. Бу жиҳатдан J-10CE совет даврида ишлаб чиқилган МиГ-29 ва Су-27 самолётларидаги эски радарларга нисбатан замонавийроқ ҳисобланади.

Хитой қирувчиси ҳаво-ҳаво ва ҳаво-ер ракеталарини қўллай олади. Хусусан, унинг PL-15E узоқ масофали ҳаво-ҳаво ракетасининг максимал учиш масофаси 100 километрдан ортиқ экани айтилади.

2026-08-30 18.46.07

Турли манбаларда J-10CEнинг тахминий экспорт нархи 40-50 млн доллар экани қайд этилган. Учувчиларни ўқитиш, ўқ-дорилар ва техник хизмат кўрсатиш ҳам шу нарх ичига киради. Бу эса ҳар бири 100 миллион доллардан бошланадиган Ғарб аналогларидан сезиларли арзон ҳисобланади.

Ўзбекистон – Хитойнинг бу қирувчиларини сотиб олганини расман тасдиқлаган Покистондан кейинги иккинчи давлат бўлди. Жаҳон бозорида J-10CEга талабнинг ошиши 2025 йил май ойида Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ҳаво тўқнашувлари билан боғлиқ бўлган. Ўшанда Покистон шу самолётлар ёрдамида Ҳиндистоннинг Rafale ва Су-30 қирувчиларини уриб туширганини даъво қилган. АҚШ Мудофаа вазирлиги 2025 йил декабрдаги ҳисоботида Покистонга 36 та J-10C етказилганини тасдиқлаб, Миср, Индонезия, Бангладеш ва Эрон ҳам бу учоқларга қизиқиш билдирганини қад этган.