Спорт | 11:57 / 05.10.2018
54060
3 дақиқада ўқилади

Бах: Гап фақат Ғофур Раҳимовда эмас

Фото: REUTERS/Marcos Brindicci

Бокс бир неча сабабларга кўра олимпия дастуридаги ўз жойини йўқотиши мумкин, Халқаро бокс уюшмаси (AIBA) раҳбари лавозимига Ғофур Раҳимов номзодининг илгари сурилиши бу ташкилотнинг ягона муаммоси эмас. Бу ҳақда Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) президенти Томас Бах матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар беради ТАСС.

Ўзбекистон вакили Раҳимов AIBA раҳбари лавозимига ягона номзод саналади. АҚШ Молия вазирлигининг чет эл активларини назорат қилиш бўйича департаменти Раҳимовни санкциялар рўйхатига киритди, ХОҚ унга ушбу лавозимга ўз номзодини илгари суриши бокснинг олимпия мақомини сақлаб қолиш масаласига таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берди.

«Гап фақатгина AIBA президенти лавозимига номзод [Раҳимов] ҳақида кетаётгани йўқ. Халқаро олимпия қўмитаси ижро қўмитаси AIBA бошқарувининг яхлит кўриниши асосида ўз позициясини баён қилди. Сўнгги икки ой ичида қабул қилинган қарорларни бизга, агар содда тилда айтадиган бўлсак, тушуниш қийин бўлди», - дейди Бах.

«Масалан, ҳакамлик, бошқарув, молия масалалари ҳал этилиши керак. Шунинг учун бу бутун ҳолатга бўлган муносабатдир», - дея қўшимча қилиб ўтди у.

ХОҚ раҳбарининг маълум қилишича, халқаро спорт федерациялари мустақил ташкилот ҳисобланади ҳамда ўз ички муаммоларини ўзи ҳал қилиш ҳуқуқига эга, аммо ХОҚ Олимпия қадриятларига зид қарорларни қабул қилмайди. «Биз Олимпия ўйинлари, бошқа халқаро федерацияларнинг обрўсини ҳимоя қилишимиз керак. Бокс бўйича мусобақалар адолатли ўтишини таъминлаш учун барча ишни қиламиз», - дея маълум қилди у.

«Яхши биласизларки, бу ерда, ўсмирлар Олимпия ўйинларида, аудиторлар томонидан текшириладиган ва ўйинлар вақтида доимий назорат остида қоладиган мустақил ҳакамлик тизими бўлади», - дея билдириб ўтди ХОҚ раҳбари. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ХОҚ Ғофур Раҳимовга 2018 йилги ўсмирлар Олимпия ўйинларига боришни тақиқлагани хабар қилинганди.

Халқаро олимпия қўмитаси бош директори Кристоф Де Кеппернинг маълум қилишича, қўмита «AIBA билан иш бўйича муносабатлардан ташқари, барча алоқаларни ҳамон музлатиб қўйган».

Мавзуга оид