Бир неча кун олдин ўзбек бокс афсонаси Руфат Рисқиев оғир хасталикдан сўнг 76 ёшида вафот этди. Ўз вақтида жаҳон чемпиони, олимпиада совриндори бўлган спортчи чинакам ўзбек боксининг афсонаси эди.

Бугунги ўзбек бокси дунёдаги энг яхшилардан. Бу спорт бўйича жаҳон чемпионати ва олимпиада ўйинларида Ўзбекистон асосий фаворитлар қаторида бўлади. Айниқса охирги ўн йилликда ўзбек бокси янги даражага кўтарилди, кўплаб спортчилар бир неча мартадан жаҳон чемпиони ва олимпия ўйинлари олтин медалларини қўлга киритди.

Собиқ Иттифоқ даврида эса кўплаб ўзбек спортчилари учун жаҳон чемпионати ёки олимпиадага бориш орзулигича қолиб кетар, чунки советлар бундай мусобақаларга ўзбекларни олиб кетиши амри маҳол эди. Айниқса битта йўлланма учун бир неча даъвогарлар курашган яккакураш турларида. Афсонавий Руфат Рисқиев ўз истеъдоди, матонати билан СССР давридаги бу стереотипни йўққа чиқариб, ўзбеклар орасида биринчи бўлиб жаҳон чемпионлигини қўлга киритади.

«Тошкент йўлбарси»

Руфат Рисқиев 1949 йилда Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида туғилган. Болалигида аввалига ўртоқлари билан акробатика тўгарагига борган, кўп ўтмай бокс тўгарагига ўтиб кетади.

«Тошкентнинг Навоий кўчасида турардик. Ўртоқларимга қўшилиб дарсдан кейин акробатика машғулотларига қатнаганман. Менга умуман ёқмаган бўлса-да, бир муддат шу спорт тури билан шуғулланганман. Кейин ўртоқларим боксга қатнашни бошлади, мен ҳам уларга қўшилдим. Кўп ўтмай ўртоқларим негадир машғулотга қатнамай қўйишди. Менинг ҳаётим эса бокс билан боғланди», деб эслайди ўша кунларни афсонавий спортчи.

Руфат ҳам Ўзбекистонда бокс оммалашишига катта ҳисса қўшган америкалик мураббий Сидней Жексоннинг шогирдларидан эди. Бўлажак жаҳон чемпиони катта боксчи бўлиб етишишида Борис Гранаткин, Алексей Баранов, Борис Гранаткин каби мураббийларнинг ҳам хизмати катта бўлган.

Руфат Рисқиев бир нечта халқаро мусобақада зафар қучгач, 1968 йилда уни СССР терма жамоаси сафига қабул қилишади. 1972 йилда спортчи иттифоқ биринчилигида барча рақибларини енгиб, чемпион бўлади. 1974 йилги СССР чемпионатида ҳам унга тенг келадиган топилмагач, Москвадагилар ўзбек йигитга ишонч билдириб, жаҳон чемпионатига олиб кетишади.

Кубада бўлиб ўтган мусобақада Руфат Рисқиев рақибларини бирин-кетин мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритади. Финалда руминиялик Алек Нестак билан қўли синган ҳолда жанг қилади ва матонат кўрсатиб, ғалаба қозонади. 1975 ва 1976 йилларда ўтказилган СССР чемпионатида ҳам ғолиб бўлади. Бунақаси иттифоқ бокси учун чинакам шов-шувли воқеа эди.