GM Uzbekistan АЖ «Наманган Автотеххизмат» МЧЖ дилерлик корхонасига автомобиль савдоси бўйича кўчма текширув амалга оширилганини маълум қилди. Мазкур текширув чоғида дилерлик корхонаси томонидан мижозлар билан ишлашда қўпол қоидабузарлик ва хатоларга йўл қўйилганлиги намоён бўлди.
Хусусан, автомобиллар савдосидаги тизимли ишларни ташкил этиш, ўтказилаётган акцияларни шартларига қатъий риоя қилиш, мижозларга ўз вақтида тегишли равишда маълумотлар тақдим этиб бориш, мижозлар учун қулай шароитлар мавжуд эмаслиги, ходимларнинг ишларида коррупцияга йўл қўйиш ҳолатлари мавжудлиги, шунингдек call-марказ ишида ҳам доимий узилишлар аниқланган.
Бундан ташқари автосалон омборхоналарида сотиб бўлинган автомобилларнинг мавжудлиги, шунингдек мижозлар иштирокисиз имзоланган бир қатор шартномалар мавжудлиги аниқланди.
Текширув натижасида ушбу корхонанинг бошқарув раиси ишдан олинди, унинг ўрнига мавжуд хатоларни бартараф этиш ва дилерлик марказини сифат ва хизмат кўрсатиш соҳасида юқори даражага кўтариши лозим бўлган янги раҳбар - Зоҳид Рустамович Камолов тайинланди. Аввал Зоҳид Камолов Россиянинг «Армада» холдинг компанияси бош директори лавозимида фаолият юритган.
Текширувлар давомида аниқланган барча ҳужжатлар экспертиза учун Наманган вилояти ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ GM Uzbekistan’нинг Хоразмдаги филиалида қатор раҳбар ходимлар ишдан олинганди.











